Ўзгидромет бугунги ва дам олиш кунлари кутилаётган об-ҳаво тўғрисида маълумот берди.
Унга кўра, бугун Ўзбекистон ҳудудига Урал ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво тарқала бошлайди ва ҳарорат фони республика бўйича аста-секин пасаяди. Бугун кундузи ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 33-36 даража атрофида бўлади, ҳатто жанубий ҳудудларда ҳам 38-40 даражадан юқори бўлмайди.
Дам олиш кунлари ҳароратнинг аста-секин пасайиши давом этади. Якшанба куни кундузги ҳарорат 30-32 даражадан, жанубда 35 даражадан ошмайди.
Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
12-13 август кунлари баъзи жойларда шамол тезлиги чанг-тўзон билан 13-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлигининг кучайиши баъзида 20-22 м/с га етиши мумкин.
Кейинги ҳафтанинг ўртасида кундузги ҳаво ҳарорати 27-30 даражагача янада пасаяди. Айниқса кечаси ва эрталаб ҳавонинг салқинлашиши сезиларли бўлади, бунда ҳарорат 13-16 даражагача пасаяди.
Тошкент шаҳрида 11-13 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун ҳарорат кундузи 34-36о, шанба куни 32-34о, якшанба куни 30-32 даража бўлади. Шарқий йўналишдаги шамол тезлиги бироздан ўртачагача эсади, кечалари 10-12 м/с гача кучайиши мумкин.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!