Yangiliklar

Ўзбекистоннинг давлат қарзи қанча эканлиги айтилди

Ўзбекистоннинг давлат қарзи қанча эканлиги айтилди

Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2023 йил 1 январь ҳолатига 29,2 млрд АҚШ долларни (шундан, давлат ташқи қарзи – 25,9 млрд АҚШ доллари, давлат ички қарзи – 3,3 млрд АҚШ доллари) ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 36,4 фоизни ташкил этди. Бу ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган шарҳда маълум қилинди.

Хусусан, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил бошида 39,0 фоиздан (2021 йил якунида – 38,0 фоиз) 2022 йил якунига қадар 36,4 фоизгача пасайди. Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи
бугунги кунда “мўътадил” даражада ҳисобланади.

Давлат ташқи қарзи 25,9

ЯИМга нисбатан фоизда 32,25%

Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 19,8

Давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 6,1

Давлат ички қарзи* 3,3

ЯИМга нисбатан фоизда 4,1%

Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат қимматли қоғозлари бўйича қарз қолдиғи (трлн. сўмда) 13,0

Давлат кафолати остида жалб қилинган, давлат бюджетидан қайтариладиган ички қарз қолдиғи 2,16

Давлат қарзи, жами 29,2

ЯИМга нисбатан фоизда 36,4%

* Давлат ички қарзи қолдиғи таркибида давлат қимматли қоғозлари, давлат томонидан кафолатланган ички қарз ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи акс эттирилган.

Давлат қарзини макроиқтисодий барқарор даражада сақлаш ва уни самарали бошқариш юзасидан амалга оширилаётган чоралар ҳамда миллий валюта алмашув курсининг барқарорлиги шароитларида республика иқтисодиётининг юқори суръатлар билан ўсишининг таъминланиши натижасида 2021 йилдан бошлаб давлат қарзининг ЯИМга нисбати барқарорлашиши кузатилмоқда.