Янги Ўзбекистоннинг кўзга кўринган сиёсат одамларидан бири, Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари – Сардор Умурзаков 2 кундан бери эл оғзида. Штаб – квартираси Чехия пойтахти Прагада жойлашган, АҚШ молиялаштирадиган нотижорат ташкилот – Озодлик радиоси 16 август куни биринчилардан бўлиб Сардор Умурзаков лавозимини тарк этгани хусусида хабар эълон қилди. Аммо ўша вақтда ўзбек матбуотида бу хусусида бирор хабар йўқ эди. 17 август тушдан кейин эса Умурзаков лавозимидан кетгани расман тасдиқланди.
46 ёшли Умурзаков ўтган йилнинг 16-июлидан бери мазкур лавозимда ишлаб келади. Президент администрацияси раҳбарлигидан олдин у 2019-2022 йиллар оралиғида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида фаолият юритган. 2021 йилнинг 8 февралидан эътиборан эса Ислом тараққиёт банки олий бошқарувчилари кенгаши раиси ҳам ҳисобланади.
2022 йилнинг июлида Умурзаков Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўрнини эгаллаган эди. Бу эса Қорақалпоғистондаги воқеалар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилади.
Озодлик хабарида келишича, ҳукуматга яқин икки мустақил манба Умурзаковнинг лавозимидан кетганини маълум қилган.
Катта эҳтимол билан сиёсатчи Президент маслаҳатчиси этиб тайинланган. У эгаллаган администрация раҳбари лавозими эса бекор қилинаётган айтилган бундай хабарларда.
Халқ орасида кадрлар сиёсатининг муваффақиятсиз кечгани билан боғлиқ миш-мишларга Умрзақовнинг масаласи қанчалик яқин, буниси бизга қоронғу.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда туғилган Сардор Умурзаков Ўзбекистоннинг хорижда таълим олган амалдорларидан. У Буюк Британияда ўқиган. 2004-2007 йиллар оралиғида Лондонда яшаб, Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг молиявий институтлари бизнес гуруҳининг катта банкири лавозимида ишлаган. Буюк Британиядан қайтгач эса 2007 йилдан 2013 йилгача Молия вазирлигида раҳбарлик лавозимида ишлаган.
2017 йилдан 2019 йилгача бўлган муддатда унинг фаолияти “Ўзчармсаноат” раҳбарлиги билан боғлиқ. 2019 йилдан эса Умурзаков Президент фармони билан вазирга айланганди.
Сардор Умурзаков Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтининг марҳум ректори Ўктам Умурзаковнинг ўғлидир. Халқ орасида Умурзаков Президент оиласига яқинлиги айтилади, аммо бу қанчалик рост – буниси бизга қоронғу.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!