Сўнгги маълумотларга кўра, юртимизда охирги бир ой ичида 7 нафар аёл турмуш ўртоғи томонидан ваҳшийларча ўлдирилган. Бунинг оқибатида ўндан ортиқ болалар онасиз қолди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш учун қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжатлар пакети тайёрлангани ва яқинда президентга ахборот берилишини билдирди. «Жамоатчилик вакиллари ҳамма жим ўтирибди, деган фикрда бўлмаслиги керак», – дея таъкидлади Танзила Нарбаева.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари тўхтаётгани йўқ.
«Зўравонликка қарши кураш масаласи ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситаларида «масъул ташкилотлар қаерга қараяпти?», дея кўп чиқишлар бўляпти. Ҳақиқатан ташкилотлар бунга эътибор қаратиши керак. Оилада, жамоада, кўча-кўйда аёллар, қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳали ҳам давом этмоқда. Буни батамом йўқ қилишимиз керак», — деди у.
Бир гуруҳ сенаторлар июнь ойида зўравонликка оид барча қонунларни ўзгартириш бўйича ҳужжатлар пакетини тайёрлашга киришган ва бу жараён ҳозирда якунига етган.
Юқори палата раисининг қайд этишича, бугунги қонунларда ҳам зўравонлик ҳолатлари учун яхшигина жазо чоралари бор. Аммо одамларнинг дунёқараши, стереотиплар сабаб амалда қўлланилмайди.
«Аёлни эри бир шапалоқ урса, эртага ҳеч нарса қилмайди, ярашиб оласан, деган қарашлар ҳам бор. Ўзбекистонга тўғри келмайдиган бу каби ҳолатларни ҳаётимиздан батамом чиқариб юборишимиз керак. Ҳаммага қарашимиз, эътибор беришимиз лозим. Бундай масалаларга қишлоқларда яшаётган фаоллар опа-сингилларимиз ҳам эътиборли бўлади, деган умиддаман», дея айтиб ўтди Танзила Норбоева.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!