Марказий банк жорий йилнинг III чорагида иккиламчи бозорда турар-жой нархлари 5,2%га, йил бошидан буён эса 18,1%га қимматлашгани ҳақида маълум қилди.
2022 йилнинг III чорагида норезидентлар томонидан яшаш жойларига бўлган талабнинг ортиши, аҳолининг иккиламчи даромадлари ўсиши ҳамда мавсумий омиллар ҳисобига кўчмас мулк бозорида ўсувчи динамика сақланиб қолди. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида маълумот берилди, дейилади сайт хабарида.
Бозордаги фаоллик ва олди-сотди шартномалари республиканинг барча ҳудудларида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони ошди. Жорий йил июль-сентябрь ойларида 79,9 мингта шартнома расмийлаштирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20%га ортганини кўрсатади.
Ижара ҳақи
Август-сентябрь ойларида турар-жойлар учун ижара нархларида ҳам ўсиш кузатилди. Июль ойида меҳнат таътили даври ва ўқув йилининг якунланиши сабабли республика бўйича ижара нархлари вақтинчалик пасайиб, сўм биргалида 2,5 фоизга камайган. Кейинги икки ой ичида эса 17 фоизлик сезиларли ўсиш кузатилди.
Тошкент шаҳар, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 1 кв.м учун ижара ҳақи сезиларли даражада ошган. Ҳозирги вақтда ижара ҳақининг ошиши инфляцион кутилмаларда ўз аксини топмоқда.
Марказий банк томонидан ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, жорий даврда ва келгуси 12 ой давомида нархлар ўсишининг асосий омилларидан бири сифатида уй-жой ва ижара ҳақи учун тўловларнинг ўсиши сақланиб қолаётганини таъкидлаган респондентлар улуши ошганини кўриш мумкин.
Иккиламчи кўчмас-мулк бозори
III чоракда 5,2 фоизга, йил бошидан буён эса 18,1 фоизга қимматлашди.
Сурхондарё, Андижон ва Тошкент вилоятларини ҳисобга олмаганда барча ҳудудларда ўсиш кузатилмоқда. Ушбу ҳудудлардаги нархларнинг пасайганлигини қолган вилоятлар билан солиштирилганда, нисбатан пастроқ фаоллик кузатилгани билан изоҳлаш мумкин.
Ёз ойларида иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги нархлар ўсиши секинлашган бўлса-да, сентябрь ойида сезиларли ўсиш кузатилди. Хорижий сайёҳларнинг кириб келиши натижасида талабнинг ошиши, аҳолининг иккиламчи даромадлари, хусусан, трансчегаравий пул ўтказмаларининг кўпайиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги пул тушумларининг ошиши билан боғлиқ мавсумий омиллар нархларнинг ошишига асос бўлмоқда.
III чоракдаги иккиламчи кўчмас мулк бозори нархларининг ўсиши энг кўп Тошкент шаҳри (5.0%), Навоий (7.8%) ва Бухоро (3.3%) вилоятларида қайд этилган.
Юқорида келтирилган омиллар бирламчи бозорга ҳам таъсир кўрсатиб, сентябрда турар-жой нархлари умумий ҳисобда 2,5 фоизга ўсди.
Сентябрь ойида бирламчи бозорда Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё ва Навоий вилоятларида нархлар ошди. Жиззах, Бухоро ва Хоразм вилоятларида эса нархларнинг бироз пасайиши кузатилди.
Умуман олганда, бозорда нархларнинг ўсувчи динамикаси сақланиб қолмоқда. Давлат томонидан аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида кўчмас мулкнинг бирламчи ва иккиламчи сектори учун бир қатор қўшимча чоралар кўрилмоқда, дейилади Марказий банк шарҳида.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!