Исроилнинг янги Бош вазири Эрон-Россия муносабатларини дунё учун жиддий муаммо сифатида баҳолади.
«Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мураккаб жараён. Биз Россия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар нафақат Исроил, балки Украина, Европа ва бутун дунё учун жиддий муаммо, деб ўйлаймиз», — деди у.
Шунингдек, вазир Эрон ҳақидаги баёнотларини яна бир бор такрорлади. Унинг фикрича, Эрон хавфли террорчи давлат ва Россия у билан бизнес юритиши бутун дунё мамлакатларини хавф остига қўяди. Россия Украина фуқароларини ўлдириш учун Эроннинг учувчисиз қурилмаларидан фойдаланаётганини мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат сифатида талқин этди.
Эслатиб ўтамиз, Эрон дронлари Россия томонидан Украинадаги ҳарбий амалиётда қўллангани ҳақидаги маълумотлар ҳам Россия, ҳам Эрон томонидан рад этилган эди. Кремль бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Хусусан, 20 октябрь куни Эроннинг БМТдаги элчиси Иравони Хавфсизлик Кенгашининг ушбу масала бўйича ёпиқ мажлисидан сўнг бундай хабарларни «асоссиз ва ҳеч қандай исботи бўлмаган айбловлар», деб атади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!