Yangiliklar

Омбудсман ниҳоят мавжудлигини эслатиб, ҳайдовчиларнинг ҳимоясига киришди

Омбудсман ниҳоят мавжудлигини эслатиб, ҳайдовчиларнинг ҳимоясига киришди

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳайдовчилар тўсиб қўйилган йўллар сабаб, йўл қоидаларини мажбуран бузишга мажбур бўлаётгани ҳақида ИИВга мурожаат қилди.

Унда айтилишича, 2022 йил 21 сентябрь куни Тошкент шаҳар Олмазор тумани Зиё  — Шифонур кўчалари кесишмасида кузатилиб, бу ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Унда йўлнинг транспорт ҳаракатланиш қисмида амалга оширилаётган тузатиш ишлари давомида йўлнинг бир қисми ёпиб қўйилган ва тегишли махсус белги билан айланиб ўтиш лозимлиги кўрсатилган. Бироқ, айланиб ўтиш оқибатида ҳайдовчилар йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш томонига ўтишларига тўғри келган. Бу эса махсус камераларга муҳрланган ва ҳайдовчилар жаримага тортилган.

«Жаримадан озод этиш Ички ишлар органларининг ЙҲХ бўлимлари томонидан эмас, судлар томонидан кўриб чиқилиши ижтимоий тармоқда кўпчилик фуқароларнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар оворагарчилигини олдини олиш ва уларга адолатли муносабатда бўлишга асосланган. Юқоридаги ҳолат эса ҳайдовчиларнинг ортиқча харажат қилишига ва оворагарчилигига сабаб бўлмоқда», — дейилади омбудсман ахборотида.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Унда ушбу ҳолатларни келгусида такрорланишини олдини олиш мақсадида таъмирлаш ишлари ҳақида фуқароларни олдиндан хабардор қилиш ва уларни мазкур сабабларга кўра жаримага тортилишини олдини олиш чораларини кўрилиши сўралган.