Эрон суди ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этган шахсга нисбатан биринчи ўлим ҳукмини чиқарди. У Теҳронда маъмурий бинога ўт қўйиш ва тартибсизликлар уюштиришда айбдор деб топилган. Расмийлар томонидан бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган. Суд қарори устидан шикоят қилиниши мумкинлиги ҳам хабар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон парламенти намойишларда қатнашганлик учун намунали жазо чораларини кўриш ҳақидаги резолюцияни қабул қилган эди. Депутатлар ўлим жазоси зарурлигини таъкидлаган.
Аввалроқ Эронда 1000 дан ортиқ намойишчи судлангани ҳақида хабар қилган эдик. Ўшанда мамлакат суд ҳокимиятининг расмий вакили Масуд Сетайеши бу ҳақида бошқа маълумот бермаганди.
Эрондаги норозилик намойишлари жорий йилнинг 16 сентябридан буён давом этиб келмоқда. Бир неча бор аҳоли ва полиция ходимлари билан тўқнашувлар бўлди. Бир неча кун аввал эса ҳисбга олинган маҳбусларнинг яқинлари босим остида қолаётгани ҳақида хабар қилгандик.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!