Jahon, Tahlil

Миллат Элбошисидан – қадрсиз Президентликкача: Назарбоев фаолиятига чизгилар

Миллат Элбошисидан – қадрсиз Президентликкача: Назарбоев фаолиятига чизгилар

2022 йилнинг январ ойидан Қозоғистондаги сиёсий мувозанат бутунлай ўзгариб кетди. «Январ воқеалари», «қонли январ» номлари билан тарихга кирган ушбу жараёнлар давлатни қарийб 30 йил бошқарган собиқ Президент Нурсултон Назарбоевнинг ҳам катта мавқейига путур етказди.

Ёнилғи нархининг икки баробар қимматлашиши ортидан келиб чиққан оммавий митинглар, бора-бора давлат миқёсидаги тартибсизликларга, тўнтаришга айланиб кетди. Намойишчилар Назарбоев ва унинг яқинларининг ҳокимият тепасидан кетишини талаб қилишди.

Бу воқеалар кейинчалик собиқ президентнинг сиёсий элитадан бутунлай кетишига, референдум ўтказилиб уни «Элбоши»ликдан маҳрум этлишига ва охир-оқибат мамлакат тарихидаги кўп йиллик хизматларининг қадрсизланишига олиб келди.

Ушбу мақола орқали Назарбоевнинг Қозоғистон мустақиллигига тамал тошини қўйган «Элбоши»дан умуман эсланмайдиган, «халқ қарғишига қолган» собиқ президентликкача бўлган фаолиятига назар ташлаймиз.

МЕТАЛЛУРГИЯ МУХАНДИСЛИГИДАН ПРЕЗИДЕНТЛИККАЧА ЙЎЛ

Нурсултон Назарбоев 1940 йил 6 июлда Қозоғистоннинг Олма-ота вилояти (ҳозирги республиканинг Қорасой вилояти) Чемолган қишлоғида оддий кўп болали оилада туғилган ва тўрт фарзанднинг энг кичиги эди.

1958 йилда мактабни тугатгач, у ўз ҳаётини металлургия билан боғлашга қарор қилaди ва Темиртау шаҳрида (ҳозирги Қарағанда вилоятида жойлашган) Бутуниттифоқ металлургия заводи қурилишида иштирок этиш учун ариза берaди. У қабул қилинади, лекин дастлаб Днепропетровскга ўқишга юборилиши зарур эди.

Нурсултон техникумни тугатгач, Қозоғистонга қайтиб келади ва 1960-1969 йилларда Қарағанда металлургия заводида ишлайди. Шу билан бирга, у металлургия муҳандиси сифатида ҳам ўқишини давом эттиради.

1969 йилдан Назарбоевнинг карераси юқорига кўтарилди. У Темиртау шаҳар қўмитасининг саноат бўлимини бошқаради. Кейинчалик, маҳаллий комсомол (Бутуниттифоқ Ленинчи Коммунистик Ёшлар Иттифоқи) шаҳар қўмитасининг биринчи котиби бўлган. 1971 йилда Назарбоев шаҳар партия қўмитасининг иккинчи котиби лавозимини эгаллади ва тез орада Қарағанда металлургия заводи партия қўмитасининг котиби этиб тайинланди.

Бир сўз билан айтганда, Назарбоев оддий ишчидан жиддий партия етакчисига айланади ва шундан кейингина ўзининг сиёсий фаолиятига эътибор қарата бошлайди.

1976 йилда у КПСС Марказий Қўмитаси ҳузуридаги сиртқи Олий партия мактабини тамомлаган ва тез орада Қарағанда вилоят партия қўмитасининг иккинчи котиби бўлган. Орадан уч йил ўтиб Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби лавозимига кўтарилган.

1984 йилда у яна мансаб поғонасида юқорига кўтарилиб, Қозоғистон ССР Вазирлар Кенгашининг раиси бўлди. Назарбоев бу лавозимда 1989 йилгача ишлаган, кейин эса янги лавозимга – Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби ва айни пайтда Қозоғистон Олий Кенгаши раиси лавозимига ўтган.

Бу даврда бошқа совет республикаларида бўлгани каби Қозоғистон ССРда ҳам демократлаштириш жараёни бошланди. Михаил Горбачёв томонидан ташкил этилган қайта қуриш жараёни муваффақиятсизликка учради ва суверенитетлар паради билан якунланди.

1990 йил апрел ойида Қозоғистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Қозоғистон мустақил давлат деб эълон қилинди ва Назарбоев унинг биринчи ва яқин вақтгача доимий президенти бўлди.

Нурсултон Назарбоев сайланган республика Президенти лавозими 1990 йил 24 апрелда Қозоғистон ССР Олий Кенгашининг мажлисида таъсис этилган. Дарҳақиқат, Назарбоев аллақачон мамлакатни бошқариб келаётган, 1989 йилдан бери у Қозоғистон ССР Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби эди.

Назарбоевнинг янги лавозимдаги биринчи ҳаракатларидан бири “Қозоғистон ССР давлат суверенитети тўғрисида”ги декларацияни ишлаб чиқиш бўлди. Ушбу ҳужжатда биринчи марта давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши тамойили мустаҳкамлаб қўйилди.

1990 йил 20 ноябрда Қозоғистон Президенти Қозоғистон ССР Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонунни имзолади. Шу билан бирга вице-президент, бош вазир ва давлат маслаҳатчилари лавозимлари таъсис этилганди.

Иттифоқ мамлакатларида ўша даврда ҳеч қачон бўлмаган кескин вазият юзага келди ва 1991 йил 19-21 август кунлари тарихга “август зарбаси” номи билан кирган воқеалар бошланди.

Қайд этиш жоизки, ушбу воқеалардан бир неча ой олдин Нурсултон Назарбоев КПСС Марказий Қўмитаси Бош котиби Михаил Горбачёв иштирокида Қозоғистон республика фаоллари йиғилишида шундай деган эди: “Ҳокимиятни эгаллашга бўлган ҳар қандай уринишлар, кўпроқ армия ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ёрдамида зўравонликнинг янги босқичига туртки беради, лекин ҳеч қандай ҳолатда барқарорликка олиб келмайди».

Давлат тўнтариши содир бўлган куни Президент баёнот бериб, Қозоғистон халқини хотиржамликка ва провокацияларга йўл қўймасликка чақирди. Назарбоев, шунингдек, мамлакатнинг мустақилликка эришиш йўли ўзгаришсиз қолишини айтди.

1990 йил 20 августда оммавий ахборот воситалари Назарбоевнинг ҳаракатларини кескин қоралаган баёнотини тарқатди. Президент эса давлатнинг КПССдан чиқишини эълон қилди.

Кейинчалик Назарбоев ўз хотираларида бу вақтни “энг муҳим қарорлар қабул қилинган, давлатимизнинг келажакдаги йўли унга боғлиқ бўлган, бир нотўғри қарор мамлакат ҳаракати траекториясини сезиларли даражада ўзгартириши мумкин бўлган йиллар” деб таърифлаган.

Давлат тўнтариши барбод бўлганидан кейин Назарбоев ўзининг энг машҳур фармонларидан бирини “Семипалатинск ядро полигонини ёпиш тўғрисида”ги қарорини имзолади.

СССР парчаланиши билан Қозоғистон дунёдаги тўртинчи йирик ядро арсеналига эга бўлди. Назарбоевнинг сўзларига кўра, музокаралардан сўнг, арсенални йўқ қилиш эвазига дунёнинг ядровий кучлари Қозоғистонга мамлакат хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини кафолатлади. Бундан ташқари, мамлакат муҳим халқаро ташкилотлардан иқтисодий ёрдам олди.

Сиёсатчи узоқ йиллар давомида халқ сайловларида ғалаба қозонди, яна ва яна ўз лавозимида қолди.

2010 йилда Назарбоев «Элбоши» (миллат етакчиси) мақомини олди ва дахлсизлик ҳуқуқига эришди. Унга кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳам у маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас эди.

Назарбоев ҳукмронлиги даврида Қозоғистон иқтисодиёти барқарор ўсиш траекториясига эришди, мамлакатда давлат институтларининг замонавий тизими, шунингдек, ўрта синф шаклланди.

2018 йилнинг май ойида парламент Назарбоевга Хавфсизлик Кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш имконини берувчи конституцияга ўзгартиришни маъқуллади. Аммо бу унинг охирги кўтарилиши эди.

НОРОЗИЛИКЛАРНИНГ ДАСТЛАБКИ ТЎЛҚИНИ. НАЗАРБОЕВНИНГ КЕТИШИ

2018-2022 йилларда Қозоғистонда қатор норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мамлакат аҳолиси турли талабларни илгари сурди: ижтимоий муаммоларни ҳал қилишдан тортиб, сиёсий арбобларни алмаштиришгача. Норозиликлар, асосан, ҳокимиятга илдизигача ёпишиб олган Президентнинг оиласи билан боғлиқ эди.

Можаро 2019 йилнинг февралида, вақтинча қурилган бинода юз берган ёнғинда беш нафар бола ҳалок бўлгач, авж олди. Пойтахтда ҳам шундай бўлди, турли шаҳарлардан юзлаб кўп болали оналар ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, нафақаларни ошириш, уй-жой муаммосини ҳал этиш талаблари билан чиқишди.

Ўша йилнинг март ойида ҳамма учун кутилмаган бир пайтда Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқди. Журналистлар унинг истеъфосини тартибсизликлар билан боғлашди. Назарбоев лавозимини тарк этгач, халқ етакчиси бўлиб қолди ва кўплаб имтиёзларни, жумладан, сиёсий имтиёзларни ҳам ўзида сақлаб қолди.

Президент истеъфога чиққанидан сўнг Қосим-Жомарт Тўқаев президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Қуйидаги аксилҳукумат воқеалари эса Тўқаев томонидан белгиланган президентлик сайловлари билан боғлиқ эди. Юзлаб одамлар сайловларни бойкот қилишга чақирган рухсат этилмаган намойишларга чиқди. Шунга қарамай, улар амалга ошди. 2019 йил 9 июн куни сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи бунгача Қозоғистон президенти вазифасини бажарувчи бўлган Қосим-Жомарт Тўқевга овоз беришди.

НАЗАРБОЕВЛАРНИНГ МАНСАБ ЙЎҚОТИШЛАРИ

Қосим-Жомарт Тўқаев президентликка келганидан кейин Назарбоевлар оиласини ҳокимиятдан «тозалаш» жараёни бошланди.

Собиқ президентнинг тўнғич қизи, 2014 йилдан буён мамлакат парламентида ишлаб келаётган ва 2019 йилдан парламент юқори палатасини бошқариб келаётган Дариға Назарбоева ўз мандатини йўқотди. Президент қарори билан, унинг сенаторлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилиши маълум қилинди.

Дариғанинг собиқ турмуш ўртоги Қайрат Шарипбоев “Қозоқгаз” давлат компанияси бошқаруви раиси лавозимидан четлатилди.

Алия Назарбоеванинг (сиёсатчининг кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Дўсанов 2021 йил январида “KazTransOil” миллий нефт транспорт компаниясидаги етакчилик мавқеини йўқотди.

Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара Кулибаеванинг турмуш ўртоғи “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатасини бошқарган, бироқ ўша йилнинг январида кутилмаганда истеъфога чиқди.

Назарбоевнинг ўзи президентликдан кетгач, “муносиб дам олиш учун” жамоат майдонида деярли кўринмай қолди.

ҚОЗОҚ ХАЛҚИ ТАРИХИДАГИ АЛОҲИДА КУНЛАР – ЯНВАР ВОҚЕАЛАРИ

2022 йилда яна бир норозилик тўлқини авж олди. Бу сафарги тартибсизликларнинг асосий сабаби суюлтирилган газ нархининг кутилмаганда кўтарилиши бўлди. Аммо тез орада Назарбоев ва унинг бутун оиласининг ҳокимиятдан бутунлай кетишини талаб қилувчи шиорлар янгради.

Намойишчилар тезда оғзаки талаблардан радикал усулларга ўтишди: улар ҳукумат биноларига ўт қўйиб, талон-тарож қилишди. Расмийлар том маънода шаҳар устидан назоратни йўқотдилар. Намойишчилар собиқ президент қароргоҳи ва ҳокимлик биносини ёқиб юборишга, шунингдек, Олма-Ота аеропортини эгаллашга муваффақ бўлишди. Қозоғистон ҳатто фавқулодда ҳолат эълон қилишга, кейинчалик КХШТ дан ёрлам олишга мажбур бўлди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўша пайтдаги бош вазир Асқар Маминни ишдан бўшатиб, ўзини Назарбоев ўрнига Хавфсизлик кенгаши раҳбари этиб тайинлади. Қўзғолон куч ишлатиш эвазига бостирилди.

Норозилик тўлқинидан сўнг Назарбоев Элбоши унвонидан маҳрум қилинди. Шу билан бирин-кетин сиёсий элитадаги унга яқин кишиларнинг ҳам «қораси ўчиб» бошлади.

Forbes журнали маълумотларига кўра, Назарбоев оиласининг айрим аъзолари ва собиқ ҳамкорлари Қозоғистоннинг энг бой одамлари қаторига киради:

Назарбоевнинг иккинчи қизи Динара Кулибаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев Қозоғистоннинг активлари бўйича энг йирик кредитори бўлган “Ҳалйк Банк”нинг асосий акциядорлари ҳисобланади. Уларнинг улушларининг бозор қиймати тахминан 2,8 миллиард долларни ташкил қилади.

Назарбоевнинг марҳум набираси Ойсултоннинг қайнотаси Қайрат Боранбаев тижорат кўчмас мулкига, Қозоғистон ва Беларусдаги Mc’donalds филиалларига эга.

Назарбоевнинг собиқ ёрдамчиси Булат Утемуратов мулкни ривожлантириш, банк ва телекоммуникация соҳаларида манфаатдор. Манбага кўра, у жаҳон товар гиганти Glencope ва Қозоғистондаги Британиянинг Haileybury мактабининг филиалида улушга эга.

Forbes рўйхатига киритилмаган бўлса-да, Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ва унинг ўғли Нурали Алиевнинг Британияда The Times газетаси баҳосига кўра, 140 миллион фунт стерлингга баҳоланган мулк портфели, жумладан, Шерлок Холмснинг Бейкер-стритдаги уй-манзили ҳам бор. Назарбоеванинг айтишича, унинг бойлиги бизнесмен сифатидаги муваффақиятининг қонуний маҳсулидир.

Унинг собиқ турмуш ўртоғи, собиқ Қозоғистон ҳукумати амалдори Рахат Алиев 2015 йилда Австрия қамоқхонасида қотиллик бўйича судни кутаётган пайтда вафот этган.

ЯКУНИЙ ХУЛОСА

Бугунги кунда Назарбоевнинг обрўси ҳам, соғлиги ҳам ҳавас қиларлик даражада эмас. Қозоғистоннинг собиқ президенти яқинда юрак жарроҳлигинидан сўнг шифохонадан чиқди.

Жорий йилнинг 20 январь куни Александр Аксютиц Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев Остонадаги шифохоналардан бирига ётқизилгани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай Президентнинг юраги 2,5 соат операция қилиниб, муваффақиятли ўтганини очиқлади.

Шундан сўнг, Россия Президенти Владимир Путин юраги операция қилинган Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.

Хуллас, Назарбоевнинг кўп йиллик ҳукмронлигига тамомила нуқта ясалди. Қозоғистонда уни яхши ном билан, ёмон ном билан ҳам эслайдиганлар бор. Муҳими шуки, Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг давлат сифатида таркиб топишида, унинг жаҳон саҳнасига кўтарилишида юксак хизматларини аямади. Эндиги навбатни ўзидан ёшроқ, замон талабларига мос келадиган шахсга қолдириши керак эди ва шундай бўлди. Биз эса қардош миллатимизда бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеликларни кузатишда давом этамиз.

Жавоҳир ҚАДАМОВ