Хабарингиз бор, Охангарон шаҳар прокуратураси терговчиси пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берган эдик.
Бош Прокуратура матбуот котиби Demokrat.uz журналистига қўшимча маълумот бериб, ходимнинг 9 минг доллар миқдорида пора олганини маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йил 26 февраль куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбирда Охангарон шаҳар прокуратураси биносини қўриқлаш хизматини олиб борувчи қоровули шаҳар прокуратураси терговчисининг иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида терговга жалб қилинган фуқаро Э.дан жиноят ишини енгиллаштириб, ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 9.000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
27 февраль куни Охангарон шаҳар прокуратураси терговчисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси, қўриқлаш хизмати қоровулига нисбатан Жиноят кодексининг 168, 28-211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи шахслар процессуал тартибда ушланганлиги, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!