Yangiliklar

Тадбиркорлар билан учинчи мулоқот: Президент яна нималарни ваъда қилди?

Тадбиркорлар билан учинчи мулоқот: Президент яна нималарни ваъда қилди?

18 август куни Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти ўзбек матбуотида асосий мавзуга айланди. Умуман олганда, давлат раҳбари учинчи бор бундай форматда ишбилармон доиралари вакиллари билан кўришмоқда. Demokrat.uz мулоқотнинг асосий гапларини сизга тушунарли тилда ҳавола этади.

Шавкат Мирзиёев даставвал аёл тадбиркорларга ҳурмати юқорилигини билдирди. Бу гал биз эшитган яна бир янги жумла эса – нобанк ташкилотлар. Яъни, Президентга кўра, банкларга муқобил кредитлар бозори пайдо бўлди.

Ўтган 1 йилда шу нобанк ташкилотлар жами 3 триллион сўм кредит берди.

Шунингдек, бир йил ичида 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Президент бундай даражадаги тадбиркорлар борлигидан хурсанд эканини яширмади.

Ноодатий таклифлар билдиришни хушлайдиган Президент Мирзиёев фаол тадбиркорларнинг расмларини маҳалла деворларига илишни буюрди.

Кичик бизнес Мирзиёев энг куйиб-пишиб гапирган гаплардан. Катта-катта давлатлар ҳам кичик бизнесга алоҳида эътибор қаратган, бусиз бўлмайди, дейди у.

Энг катта янгиликлардан бири – Қишлоқ қурилиш банки ребрендинги. Банк ўз номини Бизнесни ривожлантириш банкига айлантиради. Халқни бизнесга ўқитади, масъулиятни бўйнига олади. Шахсан Президент шундай деди. Бундан ташқари, банк раҳбари лавозимини тарк этишга ҳозирланаётган бўлса, ажабмас. Чунки давлат раҳбари банкка бюрократ одам эмас, балки бизнесни тушунадиган раҳбар кераклигини айтди.

Ўзбекистонда кадрлар сиёсати жуда ноодатий. Буни Президентнинг бир ой ичида 200 дан ортиқ раҳбарларни ишдан олгани ҳақида гапирганидан ҳам билиш мумкин. Сабаби эса уларнинг аравани торта олмаётгани.

Янги ном олган Бизнесни ривожлантириш банки пулдан зерикмаса ҳам бўлади. Чунки янги кичик бизнес лойиҳаларидан келадиган 2 йиллик барча солиқлар янги номни олган Қишлоқ қурилиш банкига ўтади.

Ўзбекистон чўл ҳудудида жойлашгани, ердан муаммо йўқ бўлгани билан, ана шу ер давлатники. Масаланинг шу жиҳатига келганда кўпчилик инвестор ва тадбиркорлар шошмай ҳаракат қилади. Президент буни яхши билади. Мулоқотда айтилишича, энди ер ҳам хусусийлаштирилади. Лекин бир шарти бор.

Президент Каримов даврида ҳокимларнинг ҳам, вазирларнинг, ўқитувчию мардикорларнинг, ҳаттоки ўша вақтда Бош вазир бўлган Мирзиёевнинг ҳам асосий иши – пахта, буғдой ёки қишлоқ хўжалиги эди. Ҳозир эса бундай эмас, ҳокимлар тадбиркорлар билан шуғилланиши керак, дейди давлат раҳбари.

Ўтган йилнинг қаттиқ қишини ҳеч ким унутгани йўқ. Совуқда халқ қийналганини Президент тан олганди. Аммо, бу йил ўзбекистонликлар бундай муаммоларга дуч келмайдиганга ўхшайди. Чунки, Президент нима ишлар қилганимизга халқ қишда гувоҳ бўлади, дея гапириб ўтди.

Солиқ маъмурчилиги мулоқотда алоҳида параграф бўлди. Президент жорий қонунчиликдан норозилигини очиқ билдирди. Ҳаммасини бутунлай ўзгартирамиз, айниқса TAX GAP деган балони 1 октабрдан бекор қиламиз, деди Мирзиёев. Қудбиев эса Президентдан яхшигина гап эшитди.

Мулоқотдан билганларимиздан яна бири шуки, Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳали ҳам гуллаяпти экан. Хуфиёна иқтисодиёт улуши нақ 40%ни ташкил этмоқда. Конверт билан ишлайдиган, солиқ тўлашдан қочадиганлар нафақат давлат, балки халқ душманидир деди Президент. Залда ўтирганлардан эса шундай одамлар бўлса, ушлашга ёрдам беришларини сўради.

Шундан сўнг мулоқот савол-жавоб тарзида давом этган.

Хулоса шуки, тадбирда Президентдан бизнес вакилларига сюрпризлар талайгина. Ташаббуслар сони ҳам ошиб бораётгани алоҳида урғуланди. Гап эса шу ташаббусларнинг амалга ошишида. Бу эса залда қарсак чалиб турган амалдор ва ижро органлари ҳаракатига ҳам боғлиқ.

Муҳим хабарларни Demokrat.uz да кузатишда давом этинг. Эслатиб ўтамиз, ахборот портали парча социал-платформаларда ўз саҳифасига эга.


Шохрух МАЖИДОВ – журналист