Жанубий Американинг бир қанча мамлакатлари ҳаддан ташқари иссиқликдан азият чекмоқда. У ерда ҳарорат Цельсий бўйича 40 даражадан ошди, деб хабар бермоқда CNN.
Перу, Боливия, Парагвай, Аргентина ва Бразилия сентябрда рекорд даражадаги ҳароратни бошдан кечирди.
Одатда мўътадил ой бўлган сентябрда Перуда энг экстремал ҳароратлар қайд этилади.
Мисол учун, Пуэрто-Эсперанса шаҳрида ҳарорат 40 даражадан ошди, бу мамлакат учун жуда кам учрайдиган ҳолат ва 41,1 даража Целсий бўйича рекорд даражадаги ҳароратдан атиги 1 даража орқада.
Якшанба куни Жанубий Американинг бир қанча бошқа мамлакатларидаги шаҳарлар ҳам сентябрдаги ҳарорат рекордини янгилади, жумладан:
Филадельфия, Парагвайнинг ғарбий қисми – Целсий бўйича 44,4 даража.
Боливиядаги Тринидад – Целсий бўйича 39,5 даража.
Лас-Ломитас, Аргентина – Целсий бўйича 43,6 даража.
MetSul Meteorologia об-ҳаво компанияси маълумотларига кўра, жазирама тўлқин Бразилияга ҳам тарқалди, якшанба куни 11 штатда ҳарорат 40 даражага етди.
Миллий метеорология хизмати INMET маълумотларига кўра, Сан-Паулуда ҳаво ҳарорати 36,5 даражага етди, бу 1943 йилдан бери шаҳардаги энг юқори сентябрь ойидаги ҳароратдир.
Ғайритабиий даражада юқори ҳарорат мамлакатда ёнғин хавфини ҳам оширди, ўтган ҳафта Баия штатида ўрмон ёнғинлари бошланди.
Жанубий Американинг айрим қисмларида кучли жазирама шу ҳафтагача давом этиши ва янги рекордлар янгиланиши кутилмоқда.
Жанубий яримшарнинг бошқа қисмларида ҳам юқори ҳарорат кузатилмоқда, жумладан, ўнлаб ўрмон ёнғинлари билан курашаётган Австралия. Мамлакат тарихдаги энг иссиқ қишдан кейин ғайриоддий иссиқ сентябрни бошдан кечирмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!