Буюк Британияда совуқ қуроллар билан содир этилган жиноятлар сони ортди. Лондонда шаҳар чеккасида ҳам, марказида ҳам юриш хавфли, пичоқлаб кетиши мумкин. Ўсмирлар нафақат жиноий тўда аъзоларини, балки кўчада ўткинчиларни ҳам ўлдиради. Британия оммавий ахборот воситалари бу ҳолатни эпидемия сифатида баҳоламоқда, деб ёзмоқда Кazinform.
Яқинда Лондон жанубидаги Кройдон ҳудудида даҳшатли воқеа юз берди. Мактабга кетаётган 15 ёшли ўқувчини автобусдан тушганида 17 ёшли бола пичоқлаган ва қочиб кетган. Кўчадан ўтаётганлар Элианн Андамга биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишди, бироқ қизнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
Бугун воқеа жойида гуллар ва тилаклар мактублари ётибди. Қайғу чеккан маҳаллий аҳоли ибодат қилишдан бошқа чораси йўқлигини айтишмоқда.
“Мен боши берк кўчадан чиқиш йўлини таклиф қила олмайман. Мен қила оладиган нарса фақат ибодат қилишдир. Бундай жиноят такрорланмаслигини истардим”, – дейди Лондон фуқароси.
“Энди қизимни ҳар куни қўлимдан етаклаб юришим керак. У бешинчи синфда ўқийди. Мен унинг ҳаётидан қўрқаман”, – деди бошқа бир пиёда.
Статистик маълумотларга кўра, ўтган йили Англия ва Уэльс полицияси совуқ қуроллар билан содир этилган 45 минг жиноятни қайд этган. 260 киши пичоқланган ва ҳалок бўлган. Бу ўтган йилга нисбатан 5 фоизга кўпдир.
Пандемиядан олдин бу кўрсаткич янада юқори эди. Совуқ қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар Лондонда энг кенг тарқалган. Содиқ Хон шаҳарга раҳбарлик қилганидан бери 150 нафар бола пичоқ билан ўлдирилган.
“Мен учун асосий масала лондонликларнинг хавфсизлиги. Бу жуда муҳим. Шахсан мен кам таъминланган оилада туғилиб ўсганим учун жиноят йўлига тушишим мумкин эди. Лекин ёшлар ва ўқитувчилар билан ишлаётган марказлар туфайли омон қолдим. Тежамкорлик натижасида ёшлар сиёсатига инвестициялар камаймоқда. Шунинг учун менимча, ёшлар орасида жиноятлар кўп”, – дейди Лондон мэри Содиқ Хон.
Совуқ қуроллар билан ҳужумлар ўзига хос сабабга эга эмас ва бир-бири билан боғлиқ эмас. Бундай жиноятлар Лондон марказида ҳам, шаҳар чеккасида ҳам қайд этилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ёш авлоднинг руҳий саломатлиги ёмонлиги, қашшоқлик ва гиёҳвандлик совуқ қуролли жиноятларнинг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.
Британия қонунчилиги 18 ёшгача бўлганларга ўткир пичоқлар сотишни тақиқлайди. Уни олиб юриш ноқонунийдир.
“Аммо интернет асрида совуқ қуроллар ёшлар учун мавжуд. Улар кўчадан ҳам сотиб олишлари мумкин. Улар бир-бирларига совға қилишади. Шундай экан, шаҳар мэрига бунинг олдини олиш учун аниқ режа керак. Айнан шу нарса ҳозир зарур”, – дейди Полиция ва жиноятчилик бўйича Лондон ассамблеяси аъзоси Шон Бейли.
Элиан Андам бу йил пичоқланган 15-ўсмирдир. Маълумки, ўтган йили худди шу туманда яна бир бола совуқ қуролдан ўлдирилган. Фаоллар жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида кўпроқ учрашувлар ўтказиб, муаммоларни биргаликда муҳокама қилишга бел боғлаган. Аммо бундай даҳшатли воқеалар бошқа такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!