Jahon

Россияда «Мангу олов»ни ўчириб қўйган ўзбекистонлик болалар оиласи билан депортация қилинади

Россияда «Мангу олов»ни ўчириб қўйган ўзбекистонлик болалар оиласи билан депортация қилинади

Санкт-Петербургнинг Красноселский туман суди уч нафар Ўзбекистон фуқароларини Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топди. Уларнинг фарзандлари «Мангу олов»ни қор билан ўчириб қўйган, деб хабар бермоқда Санкт-Петербург судларининг Бирлашган матбуот хизмати.

Суд уларни депортация қилиш ва жаримага тортиш ҳақида қарор чиқарди.

Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудида миграция органларида рўйхатдан ўтмаган ҳолда истиқомат қилгани аниқланган. Улар айбини тан олгани таъкидланмоқда.

Суд уларнинг ҳар бирини мажбурий депортация билан бирга 5000 рубль (25 460 тенге) миқдорида жаримага тортди.

10 декабрь куни Санкт-Петербургдаги Красное Село шаҳрида уч нафар бола «Мангу олов»ни қор билан ўчириб қўйган. Полиция уларнинг 10 ва 14 ёшли ака-укалар, шунингдек яна бир 12 ёшли ўспирин эканини аниқлади. Шундан сўнг, Россия Ички ишлар вазирлиги болаларнинг оиласи Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турганини ва судга мурожаат қилмоқчи эканини билдирди.

Россияда урушда ҳалок бўлганлар хотирасига ёқиладиган «Мангу олов»га нисбатан содир этилган безорилик ҳаракатлари жиддий ҳуқуқбузарлик саналади.