Jahon, Yangiliklar

БМТ: Россия босқини туфайли Украинада 6300 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган

БМТ: Россия босқини туфайли Украинада 6300 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган

БМТ Россия босқини бошланганидан бери Украинада 15 956 нафар тинч аҳоли жабр кўрганини тасдиқлади. 18 октябр ҳолатига кўра, нафар 6 322 нафар фуқаро ҳалок бўлган 9 634 киши эса яраланган. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгашининг жума куни бўлиб ўтган йиғилишида БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Дикарло маълум қилди. Ачинарлиси, ҳалок бўлганларнинг 397 нафари ёш болалардир.

Дикарло ҳақиқий қурбонлар сони анча юқори бўлиши мумкинлиги ҳам қўшимча қилди. У Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига сўнгги кунларда Россия Федерацияси Украина бўйлаб аҳоли пунктларига бир қатор ҳужумлар уюштиргани ҳақида гапириб, бу ҳолат «ташвиш уйғотади», деб таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, 10—18-октябр кунлари ракета ҳужумлари ва дронлардан фойдаланиш натижасида камида 38 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 117 нафари эса жароҳатланган. Муҳим энергетика инфратузилмасини йўқ қилиш эса мамлакатга катта ташвиш келтиради. 10 октябрдан бери энергетика объектларига етказилган зарар натижасида кўмир нархининг кескин ошиб кетиши миллионлаб тинч аҳолини «ўта оғир аҳволга солиб қўйди», бу эса «ҳатто ҳаёт учун хавфли шароитлар яратиши мумкин», деди Дикарло.

БМТ вакили Украинадаги ҳуқуқбузарликларни текшириш бўйича мустақил халқаро комиссия шу ҳафта Бош Ассамблеяга ҳисобот тақдим этганини эслатди.

«Ҳужжатда қайд этилишича, Украинада уруш жиноятлари содир этилган ҳамда инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилишига йўл қўйилган, деган хулосага келиш учун етарли асослар мавжуд», — дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, 19 октябр ҳолатига кўра, Қора денгиз ташаббуси доирасида экспорт қилинган дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий ҳажми қарийб 8 миллион тоннага етгани таъкидланди. 22 ноябрда тугайдиган дон бўйича келишувни узайтириш таклифи билдирилди.

Аввалроқ, Россия томонидан қўйилган сунъий тўсиқлар сабаб Украинада озиқ-овқат айрибошлаш тизими узилиб қолгани хабар берилган эди.