Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, денгиздаги сувнинг ноодатий юқори ҳарорати туфайли балиқларнинг иштаҳаси очилади. Еuronews телеканалининг хабар беришича, Испаниянинг Бенидормдаги энг машҳур пляжларидан бири Поньентеда дам олувчилар сувга оёқ босишдан қўрқиб қолган. Чунки сайёҳлар ва аҳоли балиқ ҳужумларининг кучайиши ҳақида огоҳлантирилган.
Маҳаллий Información нашрга кўра, сўнгги кунларда камида 15 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Уларга қора думли «облада» балиқ ҳужум қилган деб тахмин қилинади.
Бу балиқларни теридаги сўгал, хол ёки майда яралар ўзига тортади, айниқса кекса одамларда. Уларнинг чақиши қон кетишига олиб келиши мумкин, оёқларда, қўлларда ва орқада тиш излари қолади.
Жабрланганларнинг сўзларига кўра, балиқнинг узунлиги тахминан 30 см ни ташкил этади ва уни думидаги қора нуқта билан аниқлаш осон.
Дам олувчиларга денгизга ялтироқ заргарлик буюмлари билан кирмаслик тавсия этилади: бошқа балиқ турлари, масалан, помфрет (қарға-балиқ) ёки кўк балиқ луфарь, уларни «тишлаши» мумкин.
Нега балиқ Бенидорм пляжларида одамларга ҳужум қилади?
Мутахассисларнинг фикрича, ҳужумлар сонининг кўпайишига сувнинг юқори ҳарорати сабаб бўлиши мумкин.
Бу балиқ метаболизмини тезлаштиради, иштаҳани оширади ва уларни кўпроқ озиқ-овқат излашга мажбур қилади.
Аликанте университетининг иқлимий лаборатория маълумотларига кўра, Бенидорм қирғоқларидаги сув ҳарорати ҳозирда 29-30 °С атрофида.
Соҳил экологияси институти бу масала ҳақида 2017 йилнинг ёзидан, Аликанте қутқарув хизмати ҳужумлар ҳақида илк бор хабар берганидан бери гапириб келади. Бошқа испан курортлари, шу жумладан Коста-Брава ва Каталониядаги курортлар ҳам олдинги йилларда буни бошдан кечирган.
Oblada melanura – Аликантеда дам олувчиларни тишлаган балиқ турларининг илмий номи – одатда материкдан 8 км узоқликда жойлашган Табарка ороли ҳудудида яшайди, у ерда сайёҳлар уни портда тез-тез овқатлантиради.
Бу денгиз жонзотлари ҳар нарсани еяверадиган ва одатда қисқичбақалар каби кичик умуртқасизлар билан озиқланади. Лекин бу йил улар қирғоқ чизиғига анча яқинроқ сузиб келди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!