Yangiliklar

Қозоғистон жанубида халқаро ҳарбий машғулотлар фаол босқичга кирди

Қозоғистон жанубида халқаро ҳарбий машғулотлар фаол босқичга кирди
Фото: Россия Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар коллектив кучларининг машғулоти фаол босқичга кирди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, мамлакат жанубида «Ўзаро ҳамкорлик» қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти ҳамда разведкачилар учун махсус «Қидирув» ва «Эшелон» машқлари олиб борилмоқда.

Очилиш маросимида КХШТ бош котиби ўринбосари Тоҳир Хайруллоев, КХШТ Бирлашган штаби бошлиғи, генерал-полковник Анатолий Сидоров ҳамда машғулотларда иштирок этаётган мамлакатлар қуролли кучлари вакиллари иштирок этди.

«Биринчи марта КХШТ қуролли кучларининг янги таркиби амалий ҳаракатларга жалб қилинади — радиациявий, кимёвий ва биологик ҳимоя ва тиббий таъминотнинг қўшма бўлинмаси», — деди генерал-полковник Анатолий Сидоров ўз нутқида.

Эслатиб ўтамиз, 26 сентябрдан 13 октябргача Қозоғистон ҳудудида КХШТ коллектив кучларининг ҳарбий машғулотлари ўтказилади. Бунда ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳарбий контингентлари, Бирлашган штаб-квартирасининг тезкор гуруҳлари ва КХШТ котибияти, ички ишлар органлари (полиция), хавфсизлик ва махсус хизматларнинг махсус бўлинмалари иштирок этади.