Yangiliklar

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади
Фото: «AFP»

Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фармон президентнинг «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони ҳамда тадбиркорлар билан 2022 йилдаги очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Белгиланишича, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди;
  • экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади;
  • қовун, канакунжут, хантал ва махсар уруғлари экспортига рухсат берилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.

Қонунчилик ҳужжатларига мазкур фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев зиммасига юкланади.