Шавкат Мирзиёев Венгрия томонининг таклифига биноан 3-4 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб қайтди. «Demokrat» президент ташрифи тафсилотларини бир мақолага жамлади.
Шундай қилиб Шавкат Мирзиёев 3 октябрь куни расмий ташриф билан ушбу Венгрияга жўнаб кетди. Президент матбуот хизматига кўра, ташриф дастурига мувофиқ Будапешт шаҳрида Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашув ва Бош вазир Виктор Орбан билан музокаралар режалаштирилган.
Венгрияга ташриф: биринчи кун
Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга 3 октябрь куни расмий ташриф билан Будапештга келди. Ференс Лист номидаги халқаро аэропортда давлат раҳбарининг ташрифи муносабати билан Ўзбекистон ва Венгрия байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Мамлакат етакчисини Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Над ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Президентнинг ташрифи доирасида Венгриянинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан ҳам учрашиш кўзда тутилгани хабар қилинди.
2-кун: Расмий кутиб олиш маросими
4 октябрь куни Будапешт шаҳрида Венгрия Парламентининг биноси рўпарасидаги Лаёш Кошут номидаги майдонда расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига пиёда ва отлиқ аскарлардан иборат фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Венгрия президенти Каталин Новак расмий делегациялар аъзоларини қутлади. Маросим якунида фахрий қоровул тантанали равишда саф тортиб ўтди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Венгрияга расмий ташрифи доирасида Будапешт шаҳрининг Қаҳрамонлар майдонидаги хотира устуни пойига гулчамбар қўйди. Давлат раҳбари Венгрия давлатчилигини барпо этишга ҳисса қўшган буюк арбоблар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Маросим фахрий қоровул хизматчилари иштирокида, ҳарбий оркестр садолари остида ўтди.
Ушбу маскан Будапештнинг бош майдонларидан бири бўлиб, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Майдон марказида Мингйиллик устуни қад ростлаган, унинг пойида можар қабилаларининг 7 нафар бошлиғи ҳайкаллари ўрнатилган. Ушбу ёдгорлик венгерларнинг бугунги ватанини топиши ва Венгрия қироллигига асос солинишига бағишланган.
Бироздан сўнг Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон ва Венгрия президентлари учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув аввалида давлат раҳбари Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирди, етакчилар биргаликда суратга тушди. Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Халқларнинг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари ва ўхшаш менталитети дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Арминий Вамбери ва Исхак Ибрагим каби шарқшунос олимлар тарихий ришталар ва бой маданий меросни ўрганишга катта ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилди.
Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилаётгани, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани таъкидланди.
Бу борадаги ишларни фаоллаштиришда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутмоқда. Томонлар Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.
Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигини ривожлантиришда маданий-гуманитар соҳа алоҳида ўринга эга. Венгрия Ҳукумати «Хунгарикум» дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисида қарор қабул қилгани айтилди.
Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди. Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашув якунида Ўзбекистон президенти Венгрия президентини ўзи учун қулай вақтда ташриф билан мамлакатга боришга таклиф этди.
Ишбилармон доиралар билан учрашув
Шундан кейин Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Тадбирда Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, Савдо-саноат палатаси раиси Ласло Парраг, «OTP Bank» раиси Шандор Чаньи, шунингдек, «Gedeon Richter», «Bonafarm», «Wizz Air», «Raba Holding», «Meditop», «Master Good», «Kite» каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электроника ва электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм тармоқлари ва автомобилсозлик каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини тубдан такомиллаштириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Давлат раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг асосий натижаларини санаб ўтди: валюта бозори ва фойдани репатриация қилиш эркинлаштирилди, давлат активлари ва банкларни, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, солиқ тизими ислоҳ қилинди.
«Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида тадбиркорлар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, юртимизда хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш борасидаги ишларни давом эттириш мақсад қилинган. Энг муҳими, хорижий бизнес янгиланишларимизга ишонди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши ва у тез фурсатда иш бошлаши айтилди. Фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш таклиф этилди.
Давлат раҳбарининг фикрича, бўлажак қўшма лойиҳалар ҳамда уларнинг доирасида венгриялик шерикларнинг илмий ишланмалари, конструкторлик инновациялари ва технологиялари ўзлаштирилиши катта синергетик самара беради.
Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия делегациясининг ҳар бир аъзоси билан алоҳида мулоқот қилди. Аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида батафсил фикр алмашилди. Ўзбекистон томони Венгрия ишбилармонларига уларнинг инвестиция режаларини рўёбга чиқаришда тўлиқ кўмаклашишга тайёрлиги қайд этилди.
«Ҳар бир тадбиркорни мамлакатимизга келиб, бугунги кунда инвестициялар учун энг яхши жой Ўзбекистон эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилишга таклиф этаман!» – деди Президент.
Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо бердилар ҳамда мамлакатимиз бозорига чиқиш, истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани ҳам томонлар ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигининг навбатдаги яққол тасдиғи бўлди.
Учрашув якунида илгари сурилган барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар кўрсатилган комплекс йўл харитасини қабул қилишга келишиб олинди. Ўзбекистон вазирлик ва идораларига венгриялик ҳамкорларга Ўзбекистонда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди.
Тор ва кенг доирадаги музокаралар
Тадбиркорлар билан учрашувдан сўнг Мирзиёев Будапештдаги «Кармелита» саройида Венгрия бош вазири Виктор Орбан тор доирада икки томонлама музокара ўтказди.
Суҳбатда Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Президенти дўст Венгрия етакчисига ташриф давомида кўрсатилган самимий қабул ва илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Виктор Орбаннинг 2021 йил мартда юртимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувлар Ўзбекистон-Венгрия муносабатларида янги саҳифа очгани ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, самарали сиёсий мулоқот ва парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан саноат кооперацияси орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб туриши, ривожланиш стратегиялари диверсификация ва индустриаллашувга қаратилгани билан бир-бирига ўхшашлиги қайд этилди.
Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш қарийб 3 баробар ошгани, уни янада кўпайтириш учун барча имкониятлар ва омиллар мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон Евроиттифоқнинг «GSP+» аъзоси мақомига эга экани ҳам бунга хизмат қилади.
Томонлар ўзаро имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватлар яратиш ва шу орқали МДҲ, Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқишга интилади. Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, машинасозлик, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ҳамда илмий тадқиқотлар ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Икки мамлакат етакчилари долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар. Халқаро тузилмалар, шу жумладан БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди. Венгрия Бош вазири жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этишини тасдиқлади.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбаннинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди. Етакчилар Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари 2021 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилгани чинакам тарихий воқеа бўлгани ҳамда халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ривожига тўлиқ ҳамоҳанглигини таъкидлади.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар кўпайганини қайд этди. Томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлашни 500 миллион долларга етказиш режасини рўёбга чиқаришга келишиб олди.
Виктор Орбан Венгрия Ўзбекистонни ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори деб ҳисоблашини таъкидлади. Ушбу ташрифнинг бой дастури ҳам ўзаро мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга интилиш қатъийлигидан далолат беради. Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияга янги кучли суръат бағишлаш юзасидан келишувга эришилди.
Шу мақсадда ҳукуматларга устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун тез фурсатда қўшма фонд тузиш топширилди. Шу билан бир қаторда бизнес-форум ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилади, имкониятлар максимал даражада ишга солинади, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишлари қамраб олинади.
Томонлар яқинда ўтказилган бизнес-форумнинг муваффақиятли якунлари, яъни қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани натижадор ҳамкорликнинг аниқ амалий натижаси бўлганини мамнуният билан қайд этди. Эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди.
Қўшма баёнот ва 15 та ҳужжат
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Венгрия етакчилари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади. Будапешт шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзолади.
Ҳужжатда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган, дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани таъкидланган. Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди. Булар:
- 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур;
- Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси;
- Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим.
Шунингдек, божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида, Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Бир гап билан айтганда, Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга икки кунлик расмий ташрифи тадбирларга бой ва сермаҳсул бўлди. Давлат раҳбари Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашув ўтказди. Ушбу мамлакатнинг ишбилармон доиралари вакиллари билан Ўзбекистонда аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалари кўриб чиқилди.
Бош вазир Виктор Орбан билан музокаралар бўлиб ўтди, уларнинг якунида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди. Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, Ференц Лист номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Биринчи борт Тошкентга учиб кетди. Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тошкент вақти билан 05:50 Тошкент шаҳрига қайтиб келди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!