Yangiliklar

Самарқандга радиацияни аниқловчи ускуналар олиб келинди

Самарқандга радиацияни аниқловчи ускуналар олиб келинди
Фото: ЎзА

Самарқанд шаҳридаги «Буюк ипак йўли» халқаро туристик мажмуаси Конгресс марказида «С5+1» форматида Марказий Осиё давлатлари учун ядровий контрабандага қарши курашиш масалаларига бағишланган минтақавий конференция ўз ишини бошлади.

Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШдан радиация хавфсизлигига алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. «С5+1» — Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги мунтазам кўп томонлама мулоқот формати ҳисобланади.

Мазкур лойиҳалар семинарлар, конференциялар ва тренинглар шаклида ўтказиб келинмоқда. Конференцияда минтақавий савдони яхшилаш, транспорт ва энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, экологик муаммолар ва экстремизмга қарши курашиш ҳамда гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама этилмоқда.

Халқаро анжуман доирасида Самарқанд халқаро аэропорти чегара божхона пости учун тақдим қилинган радиацияни аниқловчи ускуналарни топшириш маросими бўлиб ўтди.

«АҚШ энергетика вазирлиги ва Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси 2006 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Иккала ташкилот ўртасида 2017 йилда меморандум ҳам имзоланган. Шу боис биринчи марта Ўзбекистонда Самарқанд халқаро аэропортини АҚШ ҳудудидан ташқарида ҳеч қайси мамлакатда ўрнатилмаган, сунъий интеллектда ишлайдиган радиациявий моддаларни аниқловчи ускуналар билан таъминладик.

Ушбу қурилма ёрдамида инсон саломатлиги учун зарарли бўлган кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмайдиган радиациявий моддаларни масофадан мониторинг қилса бўлади. Келгусида бу каби ускуналар Ўзбекистоннинг бошқа постлари ва аэропортларида ҳам ўрнатилиб, хавфсизликни таъминлашга ёрдам беради», — дейди АҚШ энергетика вазири ўринбосари ёрдамчиси Кристине Бент.