Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “2022 йил учун бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикатор ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, вазирлик томонидан Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган мақсадли индикаторларнинг ижроси юзасидан тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, болаларни вакцинация қилиш дастури бўйича жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига 169,6 млрд.сўм маблағ ажратилган ва ушбу маблағлар қарийб 100 фоиз сарфланган. Шунингдек, болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш дастури бўйича 2022 йилга 58,1 млрд.сўм тасдиқланган. Шундан биринчи ярим йилликка 57,9 млрд.сўм ажратилган бўлиб, белгиланган режа кўрсатгичлари 98 фоизга бажарилган.
Йиғилишда депутатлар кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш дастури бўйича амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратиб, ажратилган маблағларнинг сарфланишини ижобий баҳолашди.
Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган касалликлар тарқалишига қарши курашиш дастури бўйича 95,4 млрд. сўм ҳамда нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш дастурига 101,6 млрд. сўм тасдиқланган бўлсада, ушбу маблағларнинг ишлатилмагани йиғилиш иштирокчиларининг эътирозига сабаб бўлди.
Муҳокамаларга бой бўлган йиғилишда эндокринологик касалликларга чалинган беморларни дори воситалари билан таъминлаш дастури бўйича 28,4 млрд. сўм тасдиқланган бўлиб, ҳисобот даврида 9,5 млрд. сўм режалаштирилган бўлсада, 6 ой давомида атиги 2,1 млрд. сўм сарфланганлиги ва аниқланган режа бор-йўғи 22 фоизга бажарилганлиги танқидларга сабаб бўлди.
Тадбирда “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш дастури доирасидаги ишлар ҳам тизимли йўлга қўйилмаганлиги, яъни тасдиқланган 50,0 млрд. сўм маблағнинг 25,0 млрд. сўмини 1-ярим йиллик давомида сарфлаш режалаштирилган бўлсада, атиги 7,5 млрд. сўм ишлатилгани халқ вакилларининг эътирозларга сабаб бўлди.
Депутатлар давлат бюджетидан етарлича маблағ ажратилган бўлсада, ярим йиллик якунлари бўйича аксарият дастурлар доирасидаги ишлар орқада қолгани, тақдим этилган маълумотларда чалкашликлар мавжудлиги, айрим ҳолларда эски кўрсаткичлар акс этганлигини танқид қилиб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро қилиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар беришди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!