O‘zbekiston, Yangiliklar

Тўқимачиликда экспорт 4,3 миллиард долларга етказилади

Тўқимачиликда экспорт 4,3 миллиард долларга етказилади

Тўқимачиликда кейинги йилда ички бозорга қўшимча 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 4,3 миллиард долларга етказиш топширилди. Бунинг учун:

– Европа, Туркия, Миср, Марокашга газлама, трикотаж мато экспортига транспорт харажатлари 2024 йил 1 январгача 70 фоиз қоплаб берилади;

– камида 50 хил турдаги янги текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш дастури тасдиқланади;

– янги турдаги тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига 100 миллион доллар, гиламчилик учун 50 миллион доллар йўналтирилади;

– тўқимачилик индустриал зоналари инфратузилмасига 200 миллиард сўм йўналтирилади;

– йил якунига қадар Туркия, Эрон, Бельгиядан технология ва мутахассислар (дизайнер ва технолог) олиб келинади.

Шунингдек, қурилиш материаллари экспортини 2023 йилда 900 миллион долларга етказиш, ички бозор учун 5 триллион сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш шартлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга;

– қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун камида 7 йиллик, 2 йил имтиёзли давр билан “Саноат ипотекаси” дастурини ишлаб чиқиш ва бунга биринчи босқичда 50 миллион доллар ресурс йўналтириш;

– Нукус шаҳри, Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё, Ўзбекистон туманларида қурилиш материаллари индустриал зоналарини ташкил этиш;

– Испания, Италия ва Туркиянинг етакчи корхоналари билан музокара ўтказиб, Ангренда чинни идишлар ва сантехника буюмлари ишлаб чиқариш кластерини ташкил қилиш;

– келгуси йилда Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида каолиндан кластер усулида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича камида 200 миллион долларлик 10 та лойиҳани ишга тушириш топширилди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мебелсозликда келгуси йилда маҳсулот ҳажмини 5 триллион сўмга, экспортни 50 миллион долларга етказиш зарур.

Бухоро, Наманган, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Хоразмда 100 га яқин маҳалла мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашгани, уларни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Ушбу вилоятлар ҳокимларига бир ой муддатда маҳаллалар атрофида мебель саноат марказларини ташкил қилишга кўрсатма берилди. Шунингдек:

– келгуси йилда 250 та мебелчилик лойиҳасини ишга тушириб, 10 мингта янги иш ўрни яратиш;

– 15 та мебелсозлик саноат зоналари инфратузилмасига 55 миллиард сўм ажратиш;

– мебелсозликка берилган божхона имтиёзлари муддатини 2024 йил 1 январга қадар узайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.