O‘zbekiston, Yangiliklar

Дорихонадан ташқарида «дорихона» ташкил қилганлар ушланди

Дорихонадан ташқарида «дорихона» ташкил қилганлар ушланди

Дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақида Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум бўлишича, Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Унда фуқаролар Ш.Р., С.И. ва бошқалар дори воситаларини дорихоналардан ташқарида муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, фуқаро М.А.га пулламоқчи бўлган. Хусусан, Чилонзор тумани “Бунёдкор” шоҳ кўчасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 3 000 дона “Nicоzone S” ва 800 дона “Инфера” номли хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаларини 9 600 АҚШ долларига сотишга уринган. Воқеа пайтида қўлган тушганда уларнинг ёнидан жами 8 турдаги 9 720 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.