Yangiliklar

1 октябрдан кўзи ожиз болалар учун тайёрлов гуруҳлари ишга туширилади

1 октябрдан кўзи ожиз болалар учун тайёрлов гуруҳлари ишга туширилади
Фото: «Thinkerbellabs»

Ўзбекистонда 2022 йил 1 октябрдан кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрловчи бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳлари фаолияти ташкил қилинади. Бу ҳақда Президент қарорида маълумот берилди.

Фото: «Thinkerbellabs»

Таъкидланишича, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан «Нурли маскан» мактаблари негизида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрловчи бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади.

«Нурли маскан» мактабларининг Брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар, турли ихтисослик ва йўналишлардаги босма ва аудиокитобларга бўлган эҳтиёжи ҳар олти ойда ўрганилади ва шу асосда адабиётлар рўйхати шакллантириб борилади.

Бунда, шакллантирилган рўйхат асосида давлат буюртмасини эълон қилиш, адабиётларни ушбу йўналишдаги ихтисослашган, етарли моддий-техник базага ҳамда тажрибага эга бўлган матбаа корхоналарида нашр этиш ҳамда «Нурли маскан» мактаблари эҳтиёжидан келиб чиқиб, тақсимот асосида тарқатиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун белгиланган вилоят ва республика фан олимпиадалари битирувчи синфлар ўқувчилари учун алоҳида ташкил этилади. «Нурли маскан» мактаблари ўқувчилари учун ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.