Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мусулмон оламининг муқаддас зиёратгоҳларига сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан фуқароларнинг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида ҳаж ва умра ишлари вазири давлат раҳбарига Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Саудия делегациясининг ушбу ташрифи 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширилган тарихий аҳамиятдаги давлат ташрифи давомида олий даражада эришилган келишувларнинг давоми экани алоҳида таъкидланди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра зиёратчиларини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, рақамлаштириш соҳасида илғор тажрибани жорий қилиш, саудиялик туристларнинг юртимизда бўлиши учун визасиз тартиб жорий қилинганини ҳисобга олган ҳолда уларнинг Ўзбекистонга сафарларини кўпайтириш, икки мамлакат етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!