Yangiliklar

Ўзбекистон ТИВ Украинадаги вазият юзасидан баёнот берди

Ўзбекистон ТИВ Украинадаги вазият юзасидан баёнот берди
Фото: «Янги Ўзбекистон»

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайгани муносабати билан расмий баёнот берди.

Фото: «Янги Ўзбекистон»

Қайд этилишича, Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқ.

Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдори.

«Ўзбекистон ҳудудига келаётган Россия фуқаролари сонининг кўпайишига тўхталадиган бўлсак, уларнинг мамлакатимизда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмайди», дейилади ахборотда.