Бухоро вилояти ҳарбий прокуратурасидаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабар берилганди. Давлат экология қўмитаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Депутат Расул Кушербаевга келиб тушган мурожаатга кўра, ҳарбий прокурор Жавҳар Собиров 2022 йил май ойида Бухоро ҳарбий прокуратураси маъмурий биноси орқа ҳовлисидаги ошхона билан иссиқхона ўртасидаги 6 туп кўп йиллик айланта дарахтларини кестириб ташлаган.
Шунингдек, унинг топшириғи билан орқа ҳовлидаги томорқа ноқонуний равишда девор билан ўралиб, дарахт, ток буталарга жиддий шикаст етказилган ва 2022 йил май-июнь ойларида томорқа ичидаги 3 дона кўп йиллик ўрик дарахти ва 3 туп ток бутаси қуритилган.
Экология қўмитасининг маълум қилишича, 16 сентябрь куни прокуратура органлари томонидан ўтказилган ички текширув жараёнида ҳарбий прокуратура ҳудудидаги умумий овқатланиш биноси атрофида ўрик дарахтининг шохлари ҳамда кам қимматли бўлган 1 туп ўрик ва 6 туп айлант дарахтлари таг қисмидан тегишли рухсатномасиз кесилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан экология инспекторлари иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!