Tahlil

Ўзбекистонда давлат божи камайтирилмоқда. Бу нима дегани?

Ўзбекистонда давлат божи камайтирилмоқда. Бу нима дегани?
Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

3 октябрь куни Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Унда фракция аъзолари «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Таъкидланганишича, 2020 йилда маъмурий судлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идораларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, уларнинг ҳаракатини қонунга хилоф деб топишга доир 6 920 та иш кўриб чиқилган. Уларнинг 5 257 таси қаноатлантирилган. 2021 йилда эса, ушбу рақамлар 5 761 тани ташкил этиб, шулардан 3 538 таси судлар томонидан қаноатлантирилган.

Маъмурий судлар томонидан ушбу тоифадаги низолар бўйича кўриб чиқилган ишларнинг аксарияти айнан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли бўлган мансабдор шахсларнинг ҳаракати юзасидан берилган аризаларни ташкил этмоқда.

Қонун лойиҳаси билан фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари қайд этганидек, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилинишини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширади. Депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор таклифлар бериб, уни қўллаб-қувватлаган.

Йиғилишда шунингдек, бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда фракция фаолиятига оид масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинган.