Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳудудий босма нашрлар ходимлари, маҳаллий ҳокимликлар, бошқарма, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари билан мулоқот ўтказди.
Дастлаб вилоят етакчиси Тошкент вилоятида ахборот сиёсати билан боғлиқ муҳитни кескин ўзгартириш, қонунлар, давлат раҳбарининг қарор ва фармонлари, ҳукумат ҳужжатлари ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида тизимда амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга алоҳида тўхталди.
Хусусан, Тошкент вилояти, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларини амалдаги қонунчиликка мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш, очиқлик сиёсати билан боғлиқ кунлик ахборотларга кенгроқ ўрин бериш лозимлиги қайд этилди.
Шулардан келиб чиқиб вилоят ҳокимлигининг Ахборот коммуникацияларни ривожлантириш маркази бундан буён вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби структурасига ўтказилгани маълум қилинди.
Президентнинг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси муҳокама қилинди.
Уни бажаришда сусткашликка йўл қўйган ҳудуд раҳбарлари ва бошқарма бошлиқлари огоҳлантирилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш вазифаси юкланди.
Мулоқотда оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг саҳифаларида эълон қилинаётган танқидий материалларга расмий муносабат билдириш, ўзаро фаол мулоқот қилиш механизмини қайта кўриб чиқиш зарурлиги айтилди.
Вилоят раҳбари вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари муассислигидаги газеталарда мавжуд вазиятни тубдан яхшилаш, газеталарни замон талабларига мос тарзда фаолият юритишига эришиш, бу борадаги ижобий тажрибаларни оммалаштириш, газеталарнинг интернет тармоқларидаги саҳифаларини ривожлантириш зарурати юзасидан ўз фикрларини ўртага ташлади.
Зойир Мирзаев вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати масъуллигида «Замон қаҳрамони» лойиҳасини бошлаш таклифини илгари сурди. Бу орқали давлат раҳбари олиб бораётган ислоҳотларнинг Тошкент вилоятидаги ижросини оддий инсонлар ҳаёти мисолида юксак бадиий шаклда етказиб бериш имконияти юзага келади.
Учрашувда сўз олган муҳаррирлар ва ахборот хизмати раҳбарлари ҳамкорлик масалалари юзасидан ўз мулоҳазаларини баён қилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!