2020 йилда маъмурий судлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идораларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, уларнинг ҳаракатини қонунга хилоф деб топишга доир 6 минг 920 та иш кўриб чиқилган.
Уларнинг 5 минг 257 таси қаноатлантирилган. 2021 йилда эса ушбу рақамлар 5 минг 761 тани ташкил этиб, шулардан 3 минг 538 таси судлар томонидан қаноатлантирилган.
Маъмурий судлар томонидан ушбу тоифадаги низолар бўйича кўриб чиқилган ишларнинг аксарияти айнан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли бўлган мансабдор шахсларнинг ҳаракати юзасидан берилган аризаларни ташкил этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилаётган “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам қизғин муҳокама этилди. Фракция аъзолари қайд этганидек, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилинишини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор таклифлар берди. Шунингдек, яна бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида ҳам қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўз вақтида кўриб чиқиш ва қабул қилинишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Белгиланаётган нормалар билан “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис палаталарига 15 октябрдан кечиктирмасдан киритилиши назарда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириб, уни маъқуллади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!