O‘zbekiston, Yangiliklar

Ўзбекистон озиқ-овқат бўйича халқаро рейтингда 12 ўринга кўтарилди

Ўзбекистон озиқ-овқат бўйича халқаро рейтингда 12 ўринга кўтарилди
Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

«Economist Intelligence Unit» 2022 йил учун Озиқ-овқат хавфсизлиги глобал индекси (GFSI)ни эълон қилди. Унда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди.

Таҳлил натижаларига кўра, GFSIнинг 2019 йилдан 2022 йилгача бўлган умумий рейтингида Ўзбекистон 12 поғонага кўтарилиб, жорий йилда 113 та ўриндан 73-ўринга лойиқ топилди. Шу тариқа, мамлакатимиз 2019-2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда жадал ривожланишга эришган 10 та давлат орасида биринчи ўринни эгаллади.

Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан 2019-2022 йилларда Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексида Ўзбекистон позицияларидаги ўзгаришлар таҳлили ўтказилди. Унга кўра, Ўзбекистон «Иқтисодий қулайлик» тоифаси бўйича 18 та ўринга юқорилади. «Сифат ва хавфсизлик» тоифаси бўйича эса 3 та ўринга. «Барқарорлик ва мослашув» бўйича 36 та ўринга.

Келгусида Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрнини яхшилаш учун ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш, импорт таъминотини диверсификация қилиш, озиқ-овқат бўйича миллий тавсияларни ишлаб чиқиш, озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий маркалашни жорий этишни жадаллаштириш зарурлиги айтилмоқда.