O‘zbekiston, Yangiliklar

Ўзбекистон 34 та замонавий электропоезд харид қилади

Ўзбекистон 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати

Ўзбекистонда 8 та янги йўналишда темирйўл қатновлари ташкил этилиб, 34 та замонавий электропоезд харид қилинади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, шу мақсадда замонавий электропоездлар сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Мазкур тендер электропоездларга техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни етказиб бериш, шунингдек, кадрлар тайёрлашни ҳам назарда тутади.

Ҳозирда «Ўзбекистон темир йўллари» Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siemens, Alstom, Hitachi, Pesa, CRRC-Dalian каби дунёнинг энг илғор компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.

Замонавий электропоездлар харид қилиниши натижасида 8 та янги йўналишда темирйўл қатновлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Янги йўналишларда темирйўл қатновининг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда 5 миллион 925 минг 500 нафар йўловчига хизмат кўрсатилади.