O‘zbekiston, Yangiliklar

Ўзбекистонда ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокорларга 100 фоизгача устама белгиланади

Ўзбекистонда ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокорларга 100 фоизгача устама белгиланади
Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг «2022–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида»ги қарорида 2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4 минг 900 та ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилиши белгиланди.

Тошкент шаҳрида мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган 60 нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими, бош ва катта ҳамширалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиликлар маълум қилинди. Хусусан, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар белгиланадиган бўлди.

Тиббиёт коллежлари ва техникумлари трансформация қилиниши ҳам соҳадаги муҳим янгиликлар сирасидан. Бунда хорижий ҳамкорлар билан халқаро тажриба асосида ҳамшираларни тайёрлашнинг янги мактаби яратилади. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мавжуд 27 та тиббиёт коллежи ҳамда 47 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари олий таълим муассасаларига бириктирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳамширалик иши фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, жорий йил 1 январдан ўрта тиббиёт ходимлари «ҳамширалик иши» билан мустақил шуғуллана бошлади.