Марказий банк 2022 йил сентябрь ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари шарҳини эълон қилди.
Унга кўра, сентябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳолининг келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича инфляцион кутилмалари пасаювчи динамикани сақлаб қолиб, 15,2 фоиз атрофида шаклланган бўлса, медиана қиймати 11,8 фоизни ташкил этган.
Келгуси 12 ойда инфляция кўрсаткичи жорий даражада ёки ундан юқорироқ бўлишини кутаётган респондентларнинг улуши аввалги ойга нисбатан 1 фоиз бандга қисқарган. Сентябрь ойида аҳолининг кўпчилик қисми келгуси 12 ойда инфляцияни 9-12 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.
Респондентлар томонидан келгуси даврда нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида импорт товарлари ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (42 фоиз), валюта курсининг қадрсизланиши (42 фоиз) ҳамда нархларнинг сунъий оширилиши (31 фоиз) таъкидланган.
Шу билан бирга, турар жой ҳамда ижара тўловларининг ошишини кўрсатган аҳоли вакилларининг улуши ўтган ойга нисбатан юқорилаган (15 фоиздан 18 фоизгача). Охирги икки ой ичида Тошкентда квартираларни ижарага бериш нархи чет эл фуқаролари, биринчи навбатда, россияликлар оқими туфайли икки баравар ошди, деб хабар берганди «Новости» ахборот агентлиги.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!