Ўзбекистонда банкоматлардан нақд пул ечишни фоизсиз амалга оширилиши мумкин. Бу ҳақида шу кунларда ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалмоқда. Demokrat.uz мухбири бунга аниқлик киритиш мақсадида Марказий банк билан боғланди.
Ушбу хабарларни Марказий банк ҳозирча асоссиз ва манбаси аниқ эмас, деб рад этди. Қўшимча қилинишича, ҳар бир банк тижорат шаклида фаолият юритади ва омонат фоизларини мустақил белгилаганидек, банкоматлардан нақдлаштириш масаласида ҳам МБ аралашувига йўл қўйилмайди. Яъни, неча фоиз ушлаб қолиниши ёки умуман фоизсиз нақд пул берилиши ҳар бир банкнинг олаётган фойдасидан келиб чиқади.
Ушбу маълумотни расмийлар ҳали тасдиқламаган бўлса-да, яхши янгиликка умид бор. Бунинг сабабини турлича изоҳлаш мумкин. Масалан, сўнгги вақтларда вилоятлардаги банклар ва банкоматларда нақд пул билан боғлиқ муаммолар ҳамда узилишлар кузатилган эди.
Агар банкоматлар ва уларга пул жойлаштириш учун вақт ҳамда ишчи кучи кераклиги инобатга олинса, фоизларнинг бутунлай олиб ташланиши иложсиздек туйилиши мумкин. Бироқ уларни 2-3 баробарга камайтиришнинг имкони бор, назаримизда.
Июль ойида банклардан бири банкоматда нақд пул ечиш учун комиссия миқдорини 1 фоиздан 3 фоизгача оширгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўшанда Марказий банк тижорат банклари комиссия миқдорини мустақил белгилашини айтиб, фоиз оширилиши «эркин бозор шароитида ўзини оқламаслигига» ишонтирган.
Шунингдек, Марказий банк нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши ўтган йилгина нисбатан сезиларли даражада ортиб бораётганини таъкидлади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!