Айни дақиқаларда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларни обод қилиш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилги дастурлар доирасида 4 100 та маҳаллани обод қилиш, боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш, сув, электр, канализация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм маблағ ажратилгани кўрсатиб ўтилди. Бунинг натижасида:
– 434 та маҳаллада ички йўллар таъмирланди;
– 672 та маҳаллага ичимлик суви тармоғи тортилгани ҳисобига, 1,5 миллион аҳоли илк бора тоза ичимлик суви билан таъминланди;
– жорий йилда 2 мингдан ортиқ маҳаллага хизмат қиладиган 34 та янги мактаб ишга туширилди, 338 таси реконструкция қилиниб, 360 таси таъмирланди. Буларнинг ҳисобига 78 мингта янги ўқувчи ўринлари яратилди;
– жойларда 580 та трансформатор, 20 минг километр тармоқлар янгиланиб, 413 та маҳалладаги 1,5 миллион нафар аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ ҳудудларга ишчи гуруҳлар юборилиб, улар 9 370 та маҳалланинг ҳар бирига кириб, аҳолининг кайфиятини ўрганиб, уни қийнаётган муаммолар рўйхатини шакллантирди.
Аҳоли томонидан йўл, ичимлик суви, суғориш тизими, электр, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ 12 мингта масала ва таклиф кўтарилган.
“Барча ҳоким ва вазирлар эшитиб олсин. Президент сиёсати ва талаби шундай: ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси.
Катта-кичик бўладими, аҳолимиз кўтарган ҳар бир муаммога ўз вақтида муносабат билдириш, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши шарт ва зарур”, деди Президент.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!