Jahon

Киевга хавотирли кунлар қайтди. Шаҳар яна қурбонлар бермоқда

Киевга хавотирли кунлар қайтди. Шаҳар яна қурбонлар бермоқда

Киевда Россиянинг берган зарбалари оқибатлари бартараф этилмоқда. Февраль ойи охиридан бери бу ерда ҳаво ҳужуми сиреналари давом этиб келмоқда эди. Аммо сўнгги бир неча ой Украина пойтахти учун нисбатан тинч вазият ҳукм сура бошлаганди. Маълумотларга кўра, Киевдаги ҳужумларда беш нафар қурбон, 50 дан ортиқ жароҳатланганлар бор.

Киев мери Виталий Кличконинг сўзларига кўра, ҳукумат бинолари ва давлат муассасалари жойлашган шаҳар марказига бир неча бор зарба берилган.

«Биласизми, синган ойналар, бузилган инфратузилмани кўриб турибмиз ва биз ҳаммасини тузатамиз. Аммо бунда вафот этган одамлар ҳаётини нима қилиш мумкин? Афсуски, ҳеч нима.  «Махсус операция» ҳақида нима дейишини биз аллақачон эшитган ва буларнинг барчаси ёлғондан бошқа нарса эмас. Айтишим мумкинки, Киев тажовузкорлар ва босқинчиларнинг нишони бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда», деб айтиб ўтди Киев мери Виталий Кличко.

Хабарларга кўра, биринчи зарбалар эрталабки ҳаракатлар авж олган «пик» пайтида содир этилган. Метрода поездлар ҳаракати тўхтатилди ва станциялар худди рус босқинининг бошида бўлгани каби яна бомбалардан ҳимояланий учун бошпанага айланди.

«Биз жуда хавотирдамиз, у бутун Украина бўйлаб зарбалар уюштирилган 24 февраль тонгига жуда ўхшайди. Биз бугун эрталабгина пойтахтга қайтиб келган эдик, мен ўқиш учун келганман. Ўйлашимча, яна онлайн режимига ўтказилади ва мен яна кетишга мажбур бўламан», деди хавотирдаги маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

«Буларнинг барчаси билан келишиш жуда қийин. Айниқса, ҳамма нарса қандайдир тарзда барқарорлаша бошлаганидан кейин ҳаммаси яна қайта рўй беряпти. Кутилмаганда бирданига шундай кучли стрессдан нима қилишни, қаерга қочишни билмай қоляпмиз», дея фикр билдирмоқда киевликлар.