Yangiliklar

Қамчиқда юк машиналари тўқнашувида улардан бири ёниб кетди (фото)

Қамчиқда юк машиналари тўқнашувида улардан бири ёниб кетди (фото)

Наманган вилояти Қамчиқ довонида 11 октябрь куни юк машиналари тўқнашуви содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳодиса 11 октябрь куни соат 05:45 да А-373 Тошкент-Ўш халқаро автомобиль йўлининг 222,5 километри, Қамчиқ довони қисмида содир бўлган. Водий-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган «Volvo» русумли юк машинаси ҳайдовчиси кутилмаганда бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва 5 тонналик ҳамда 8 тонналик «Isuzu» юк машиналари билан тўқнашган. Йўл-транспорт ҳодиссаси оқибатида 8 тонналик «Isuzu» юк машинасида ёнғин келиб чиққан.

Зудлик билан воқеа жойига ФВВнинг «Қамчиқ» Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари ва ЙПХ ходимлари етиб борган. Қутқарувчилар махсус асбоб-анжомлар ва техникалар ёрдамида ёнаётган машинани соат 06:07 да ўчиришган. Шунингдек, ҳодиса оқибатларини бартараф этишга Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар куч-воситалари ҳам жалб этилган.

Қайд этилишича, қутқарувчилар томонидан воқеа жойида жабрланган 3 нафар юк машиналари ҳайдовчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Ҳодиса оқибатида халок бўлганлар йўқ.