Yangiliklar

Россиядаги ўзбекистонлик талабалар Президентга мурожаат қилди (видео)

Россиядаги ўзбекистонлик талабалар Президентга мурожаат қилди (видео)
Кадр: Telegram / @reporteruzb

Россиянинг Курск вилоятида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Унда айтилишича, Украинага чегарадош ҳудудлар, яъни талабалар таҳсил олаётган жойда уруш хавфи тобора ортиб бормоқда.

Таълим муассасасидан 30 километр узоқликда атом электр станцияси жойлашган ва кунда-кунора ҳудудга снаряд ҳамда ракеталар келиб тушмоқда.

Шу туфайли талабалар Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиб, ўқишини мамлакатдаги тиббиёт олий таълим муассасаларига кўчиришни сўраган.

Ташқи ишлар вазирлиги мазкур мурожаатдан расмий муносабат билан чиқди. Унда таъкидланишича, Ўзбекистон делегация Курск вилоятига жўнаб кетган.

«Россиянинг Курск вилоятидаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг мурожаати муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Курск вилоятига жўнаб кетганини маълум қиламиз. Натижалар тўғрисида қўшимча хабар берамиз», — дейилади хабарда.