Yangiliklar

Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари кучайтирилмоқда

Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари кучайтирилмоқда
Фото: «Scfacilityservices»

Вазирлар Махкамасининг 05.10.2022 йилдаги «Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 570-сон қарори қабул қилинди.

Хужжат билан Шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини белгилаш тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда. Унга кўра:

  • мулкдор ва (ёки) операторлар шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидлардан келиб чиқиб, ушбу маълумотларни ҳимоя қилишнинг ташкилий ва техник чора-тадбирларини амалга оширади;
  • шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлигига таҳдидлар деганда, маълумотлар базасига рухсатсиз, шу жумладан тасодифий кириш натижасида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш, йўқ қилиш, нусхалаш, шунингдек, бошқа ноқонуний ҳаракатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ва омиллар йиғиндиси тушунилади.
  • шахсга доир маълумотлар базасининг тизимли ва (ёки) амалий дастурий таъминотида декларация қилинмаганлигидан келиб чиқиб таҳдидлар уч турга бўлинади;
  • маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларга ишлов беришда ушбу маълумотларни ҳимоя қилишнинг 4 та даражаси белгиланган бўлиб, уларни ўрнатиш учун қуйидаги шартлардан камида биттаси мавжуд бўлиши лозим.

Шунингдек қарор билан Биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлар базаларидан ташқарида сақлаш технологияларига оид талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда.

Маълумот учун:

  • шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот;
  • биометрик маълумотлар – субъектнинг анатомик ва физиологик ўзига хос хусусиятларини тавсифловчи шахсга доир маълумотлар;
  • генетик маълумотлар – субъектнинг наслдан-наслга ўтган ёки орттирилган хусусиятларига тааллуқли бўлган, субъектнинг биологик қиёфасини таҳлил қилиш ёки муқобил ахборот олиш имконини берадиган бошқа элементни таҳлил қилиш натижаси бўлган шахсга доир маълумотлар;
  • шахсга доир махсус маълумотлар – ирқий ёки ижтимоий келиб чиқишга оид маълумотлар, сиёсий, диний ёки дунёқарашга оид эътиқодлар, сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларига аъзолик тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек жисмоний ёки руҳий (психик) саломатликка тааллуқли маълумотлар, шахсий ҳаёт ва судланганлик тўғрисидаги маълумотлар.