Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни электромобил тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, жумладан, электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳам мақсадлар белгиланган. Шу йил 14 февралда ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари бу ҳақда аниқ кўрсатмалар берган эди.
Тақдимотда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти раҳбарлари бу борада хорижий компаниялар билан эришилган келишувлар, ўзлаштирилиши кутилаётган моделлар ҳақида ахборот берди. Электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қувватлаш станциялари тармоғини кенгайтириш, бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
«Электромобиллар кундалик ҳаётимизга жадал кириб боряпти. Импорт ошяпти. Нима учун? Чунки талаб бор. Бундай машиналарнинг харажати кам. Энг муҳими, одамларимиз шуни маъқул кўряпти. Шундай экан, халқимизга замонавий электромобиллар етказиб беришимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Масалан, дунёда ҳар 20 та электромобилга битта қувватлаш станцияси тўғри келади. Ўзбекистонда эса бундай жойлар атиги 50 та бўлиб, асосан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган. Электромобилларга хизмат кўрсатиш марказлари йўқ.
«Ҳар бир қароримизда бир йиллик эмас, ўн йилликларни кўзлашимиз керак. Экологияни инобатга олиб, келажакни инобатга олиб, бу тармоқни ҳозирдан ривожлантиришимиз зарур. Буни қанча тез қилсак, автомобиль бозорида рақобат пайдо бўлади. Бошқа электромобил компаниялари ҳам келади», — деди Президент.
Шу боис, соҳада тажрибага эга хорижий компания билан қўшма корхона ташкил қилиб, оммабоп электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Давлат раҳбари электромбилларнинг нархи арзон бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Бу эса бутловчи қисмларнинг маҳаллийлаштирилганлик даражасига боғлиқ.
Мисол учун, электромобил таннархининг 30 фоизини аккумулятор, 10 фоизини электр ўтказгичлар ташкил қилади. Мамлакат заминидаги литий, мис, графит каби хомашё захираларидан фойдаланиб, бундай қисмларни бемалол ўзимизда ишлаб чиқариш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, маҳаллий электромобил хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 20 та электробус ҳаракатланмоқда. Келгуси йилда пойтахтимизга яна 200 та, Самарқандга 100 та электробус олиб келиш режалаштирилган. Бундай транспортларни бошқа шаҳарларда ҳам йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Электромобилларга хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Келгуси икки йилда жойларда икки мингта қувватлаш станциялари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу станцияларга ҳам ер, мулк ва фойда солиғидан имтиёз қўлланилади. Тадбиркорларга қувватлаш станциялари орқали электрни эркин нархда сотиш ҳуқуқи берилади.
Бу тармоққа ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги ҳам таъкидланди. Турин политехника университетида электромобиллар бўйича илмий лаборатория ташкил этилиши, профессор-ўқитувчи ва мутахассислар Хитой, Германия, АҚШ, Корея каби давлатларга малака оширишга юборилиши айтилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!