Тошкент шаҳри Яшнобод туманида содир бўлган дахшатли автоҳалокат сабабчиси бўлган ҳайдовчи воқеа қандай юз берганини айтиб берди.
Йўл транспорт ҳодисаси 9 октябрь куни соат 20:30 да Яшнобод тумани Махтумқули кўчаси 79-уй қаршисида содир бўлган. Унда ҳайдовчилар:
- 1981 йилда туғилган В.Ш. бошқарувидаги «Nexia-3»;
- 1992 йилда туғилган Р.М. бошқарувидаги «BMW»;
- 1992 йилда туғилган Т.И. бошқарувидаги «Nexia-3»;
- 1999 йилда туғилган Б.А. бошқарувидаги «Lacetti» иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида «Nexia-3» ҳайдовчиси ва йўловчиси олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган. Икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган «BMW» ҳайдовчиси омон қолган ва унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳайдовчи ушбу ҳолат қандай юз бергани ҳақида гапириб берди.
«Учинчи йўлакда кетаётган эдим. Ўртада кетаётган Гентра йўлимга чиқди. Мен ўрта йўлакка қочдим, кейин у яна жойига қайтгиси келиб қолди. Жойига қайтаётганда мени сиқиб қўйди, мен тормозни босдим, у ёғини билмайман. Машина сузиб кетиб қолди, кейин тепага чиқиб кетди. Ўзимга келганимда машина ўт-олдиргичи ҳали ўчмаган экан, мен машинани ўчирдим. Йўловчи ўриндиғида ўтирган акани кўрдим. Яқинларидан, оила аъзоларидан узур сўрайман. Мен уйдан, шу одамга — шунақа қиламан деб чиқмаганман. Энди шу азоб билан яшашни айтинг. Ҳаммаларидан мени кечиришларини сўрайман», дейди у.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!