Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри ҳокими Отабек Носиров ойлик маошига 30 фоизлик устама белгилаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Кейинчалик ҳужжат «E-qaror» порталидан олиб ташланди.
10 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Янгиер ҳокими ўзига устама белгилагани тўғрисидаги ҳужжат нусхаси тарқала бошлади. Унда ҳоким узоқ муддат хизмат қилгани сабабли ўзига устама белгилаганини кўриш мумкин.
Хусусан, ҳужжатда 3 октябрдан бошлаб Носиров Отабек Урал ўғлига 30 фоиз миқдорида лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик устама ҳақ белгиланиши иловага мувофиқ тасдиқланиши белгиланган.
Шунингдек, ходимлар алмашинуви амалга оширилса, устама ҳақлари қайта кўриб чиқилади. Ҳокимлик бош ҳисобчиси устама ҳақ тўловини белгиланган тартибда молиявий интизомни бузмаган ҳолда амалга оширилишини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган Отабек Носиров 28 сентябрь куни Янгиер шаҳри ҳокими этиб тайинланганди. «Шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича астойдил меҳнат қилади деган умиддамиз», — дея ишонч билдирганди Ғофур Мирзаев.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!