G7 давлатларининг виртуал саммити якунига кўра, Украинага зарур бўлган барча даражадаги молиявий, гуманитар, ҳарбий, дипломатик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш давом эттирилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, «Катта еттилик» Россияни кимёвий, биологик ёки ядровий қуроллардан фойдаланишнинг «жиддий оқибатлари» ҳақида огоҳлантирган.
Президент Владимир Зеленский Украина билан Беларус чегараси учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кўпроқ ажратишга ва халқаро кузатув миссиясини ташкил этишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг йирик ракета ҳужумлари ортидан Украина энергетика инфратузилмасининг қарийб 30 фоизига зарар етди, 23 киши ҳалок бўлди ва 100 га яқини жароҳатланди. Ушбу ҳодиса натижасида Киев илтимосига кўра G7нинг фавқулодда йиғилиши чақирилган эди.
Зеленский ўзининг тунги нутқида Россия зарбаларидан зарар кўрган объектларни тиклашга ваъда берди.
«Вайрон бўлган жойларнинг барчсида инфратузилма тўлиқ янгиланади. Йўқотишлар бўлган манзилларда аллақачон қурилишлар бошланган ва давом эттирилади. Душман умид қилган ҳудудларда эса рус давлатчилигининг вайроналари қолади холос», деди Украина Президенти В.Зеленский.
Россия ҳам бу орада қараб тургани йўқ. Владимир Путин Санкт-Петербургда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Рафаэль Гроссини қабул қилди. Суҳбат давомида Россия Запорожье атом электр станцияси бўйича мулоқотга очиқ эканини айтди.
«Сизни кўрганимиздан жуда хурсандмиз ва биз учун ўзаро манфаатли бўлган барча масалаларни муҳокама қилишдан хурсандмиз. Балки бу кимнидир табиийки, бизни ҳам ташвишга солиши мумкин. Мисол тариқасида Запорожье атом электр станцияси атрофидаги вазиятни айтиш мумкин», деган РФ Президенти В.Путин.
Айни пайтда кузатувчилар Украинадаги уруш авж олишининг навбатдаги босқичидан сўнг икки давлатдан яқин келажакда тинчлик музокараларини кутиб бўлмаслигини таъкидламоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!