Tahlil

Жамоатчилик фаоллари нима дейди: Тошкентда ижара нархи ва муаммоси ошиб бормоқда

Жамоатчилик фаоллари нима дейди: Тошкентда ижара нархи ва муаммоси ошиб бормоқда
Кадр: Telegram / @muhrim2022

Хонадон эгаси ижарада турган қизларни кўчага ҳайдаётгани акс видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Кейинчалик бу ҳолат атайлаб тасвирга олингани маълум қилинди.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети баёнига кўра, 10 октябрь санасига ўтар кечаси университетнинг 1-босқич талабаси Ҳусниддин Жумабоев ўзининг «Global TV» каналида ижара уйларнинг нархи кўтарилиши юзасидан саҳналаштирилган видео юклаган.

Ушбу видеода уй эгаси қизларни уйидан чиқиб кетиши ва уларнинг ўрнига 600 АҚШ долларига ижарачи кутиб турганлигини айтган. Маълум бўлишича, ушбу видеолавҳа бир ярим соатдан кейин тармоқлардан олиб ташланган. Аммо қисқа вақт давомида айрим телеграм каналларида тарқаган ушбу видеога нисбатан ўзгача тус берилган.

Ҳуқуқшунос блогер Хушнуд Худойбердиевнинг ёзишича, айни шу видео ҳақиқий эмас, балки уюштирилган бўлиб чиқди. Аммо ижара билан боғлиқ муаммо борлиги аниқ. Видеодаги ҳолатлар ҳозир амалиётда тез-тез учраб турибди.

«Россиядан келаётганлар сонининг кескин кўпайиши ортидан нафақат талабалар, балки бошқа кўплаб ижарачилар ҳам қийин вазиятда қолишди. Чунки оддий бозор қонунияти ишга тушди, талаб кўпайгач нарх ошиб кетди. Кўпчилик уй эгалари лафзида турмай, гапидан тонишни бошлади.

Нега? Чунки бизда ижара бозори деярли тўлиқлигича оғзаки келишувга асосланган. Ўзаро ёзма шартнома тузиш деярли йўлга қўйилмаган. Биринчидан, уй эгалари солиқдан қочишади, иккинчидан, шартнома тузиш ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозлик деб ўйлашади, учинчидан, шунчаки бунақа ҳуқуқий маданият шаклланмаган.

Агар биз ижарани оғзаки эмас, шартнома орқали қилиш маданиятини шакллантира олсак, буни қатъий назорат қилишни бошласаккина, муаммо бироз камаяди. Ҳар ҳолда «эртагаёқ чиқиб кет» ёки «бугундан нарх ошди» деган гаплар бўлмайди. Иккала томоннинг ҳам ҳуқуқи ва мажбуриятлари бўлади.

Давлат бу ҳақда кўпроқ бош қотириши керак. Нархни сунъий ушлаб туришга аралашгандан кўра, шартнома тузилган ёки тузилмаганини аниқлаш, жараённи соддалаштириш ва кўпроқ тарғибот қилиш билан шуғулланган фойдалироқ.

Лекин муаммо тўлиқ йўқолмайди барибир. Чунки эркин бозорнинг ўз қонуниятлари бор. Дод десак ҳам, вой десак ҳам, ўзбекчилик қаерда қолди, инсофинг борми десак ҳам, фойдасиз. Буни тан олишимиз керак», — деб ёзади блогер.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса «Урушни бошлаган Путин, қийналган эса булар бўлди. Путин ва унинг уруши майли, «даврим келди» деб шу болаларни қийнаётган ўзимизникиларга инсоф сўрашдан бошқа чорамиз йўқ», — деб ёзмоқда.