Европа Иттифоқининг Frontex чегара агентлиги муҳожирларни Грециядан Туркияга ноқонуний равишда чиқариб юбориш бўйича кўплаб ҳолатларни яшириб келган. Бу Европанинг фирибгарликка қарши курашиш бюроси ҳисоботида баён қилинди.
120 саҳифали ҳужжатга кўра, Frontexнинг юқори лавозимдаги кишилари ноқонуний муҳожирларга нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилишини тўғри текширмаслик ёки ҳолатларни яшириш орқали «оғир жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар» содир этган.
Ваҳоланки, нодавлат ташкилотлар ўтган йиллар давомида, айниқса, Суриядаги уруш туфайли юзага келган миграция инқирози даврида бу ҳақида қайта-қайта огоҳлантирган.
Жорий йилнинг 5 августида Frontex ходими Греция ҳукумати муҳожирларнинг заифгина қайиғини Туркия сувларига қайтаришга уринаётган вақтда воқеага гувоҳ бўлиб қолган. Шундан сўнг мазкур вазият ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи қонунлари одамларнинг бошпана ёки бошқа турдаги ҳимоя сўраш ҳуқуқларини баҳоламай туриб, уларни халқаро чегара орқали чиқариб юбориш ёки мажбуран қайтаришни тақиқлайди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!