Фарғона вилоятидаги “Пахта тозалаш заводи”ларидан бирида жиноят содир этилди. Нафси филдек бўлган раҳбар қонун олдида жавоб беради. Гумонланувчи муқаддам жамиятга қайсидир қинғир иши ортидан 800 млн. сўм моддий зарар етказган одамнинг ҳаракатини ёпди-ёпди қилиб беришга уринган.
Маълум бўлишича жамият директори вазифасини бажарувчи шахс, мурожаат эгаси томонидан жамиятга етказилган кўп миқдордаги зарарни унинг зиммасидан чиқартириб, жамият ҳисобига ўтказишдек қинғир режасини 2000 долларга баҳолаган. Агар ариза эгаси унга ана шу пулларни берса, жамият акциядорларининг умумий йиғилиш қарори ҳамда унинг жамиятдан қарздорлиги йўқлиги ҳақида ички ишлар органларига тақдим этиш учун маълумотнома чиқартириб, муаммони бир зумда ҳал этиш имкониятига эга эканини таъкидлаган.
Фуқаро аризаси асосида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда жамият директори вазифасини бажарувчи шахс юқоридаги мақсад учун талаб қилинган пулларни олаётган вақтда далилий ашёлар билан ушланган. Айни вақтда эса ҳолат ЎзРЖК нинг тегишли моддаси тартибида ўрганилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!