Yangiliklar

Ўзбекистон ва Қирғизистон битим асосида биргаликда енгил автомобиллар ишлаб чиқаради

Ўзбекистон ва Қирғизистон битим асосида биргаликда енгил автомобиллар ишлаб чиқаради

Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишга доир битим ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев 12 октабр куни Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мусо Жаманбаев билан учрашди. Суҳбат давомида кўп қиррали ўзбек – қирғиз ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилган.

Саноат кооперациясининг янги истиқболли қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқиш, савдо шартномаларини тузиш, Бишкек шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-йиғилиши ҳамда икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларини жалб қилган ҳолда бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ташрифини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда қирғиз капитали асосида 291 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Томонлар икки мамлакат ҳудудида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалар сонини кўпайтиришга тайёр эканлигини билдирган. Шу нуқтаи назардан, 2022-2025 йилларга мўлжалланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги Битим ҳамда Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битимни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилган.

Томонлар шаҳар транспорти соҳасида 1,85 миллион долларлик лойиҳани молиялаштиришни бошлаган Ўзбек – Қирғиз тараққиёт жамғармаси фаолиятини муҳокама қилган. Жамғарма маблағларини жалб қилган ҳолда Қирғизистонда йигирув корхонасини ташкил этиш лойиҳасини молиялаштириш ва травертинни бирламчи қайта ишлаш лойиҳасини биргаликда амалга оширишга келишилган.

Гидроэнергетика ҳамда транспорт ва логистика соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари алоҳида тартибда кўриб чиқилган. Суҳбат якунида муҳокама қилинган йўналишлар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилиш мақсадида биргаликда иш олиб боришни давом эттиришга содиқлик билдирилди.