Yangiliklar

Самарқандда йўловчи ташувчи автобус ҳайдовчиси ўз ҳамкасбини босиб кетди (видео)

Самарқандда йўловчи ташувчи автобус ҳайдовчиси ўз ҳамкасбини босиб кетди (видео)

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида 13 октябрь куни аҳолига хизмат қилувчи автобус ҳайдовчиси ўз ҳамкасбини босиб кетди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, воқеа 13 октябрь куни соат 08:10 ларда Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида содир бўлган. Иккита автобус ҳайдовчисининг ўзаро жанжали сабаб ҳайдовчилардан бири иккинчи ҳайдовчи бошқариб келаётган автобуснинг эшигига осилган. У эса автобусни тўхтатмасдан, аксинча тезликни оширган.

Шу пайтда автобус эшигига осилиб келаётган ҳайдовчи тушиб кетган. Ҳаракатланаётган автобус уни босиб ўтиб, воқеа жойидан кетиб қолган. Бунинг оқибатда, биринчи автобус ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Таъкидланишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.