Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли ядровий хавф кучайган бир пайтда европалик дипломат Жозеп Боррель: «Украинанинг иттифоқчилари ҳам ҳазил қилаётгани йўқ», — деб огоҳлантирди.
Аввалроқ Президент Владимир Путин ҳудудий яхлитликка таҳдид юзага келган тақдирда Россия ўз ихтиёридаги барча вайрон қилувчи воситаларидан фойдаланиши ҳақида айтган ва «бу блеф эмас», деб таъкидлаган эди.
«Украинага қарши ҳар қандай ядровий ҳужум жавобни келтириб чиқаради – тўғри ядровий эмасдир, аммо шундай кучли ҳарбий жавобки, Россия армияси йўқ бўлиб кетади. Дарҳақиқат, Путин ҳазиллашмаслиги керак», — деди Жозеп Боррель.
Россиянинг ядровий ҳужуми иттифоқчиларнинг «жисмоний жавоб»ига сабаб бўлиши ҳақида НАТО огоҳлантирмоқда.
НАТО бош котиби Енс Столтенберг шундай деди:
«Президент Путиннинг ядровий риторикаси хавфли ва масъулиятсиздир. Биз бу таҳдидни жиддий қабул қиламиз ва ҳушёрликни йўқотмаймиз. Бизни қўрқита олмайди. Ядро қуролидан ҳар қандай фойдаланиш Украинадаги уруш табиатини тубдан ўзгартиради ва жиддий оқибатларга олиб келади».
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг сўзларига кўра, НАТО «Россиянинг император босқинига» жавобан жамоавий мудофаани кучайтиради.
«Масъулиятсизлик билан ва ўйламасдан гапириш хавфли. Энди эса биз Россиянинг ядро таёқчасини силкитишини кузатяпмиз. Ҳозирги вазиятда бу фойдали эмас, деб ўйлаймиз. Яна қайтараман, бу жуда хавфли. НАТО Россияга ҳеч қандай таҳдид солмайди», деди Пентагон раҳбари.
Келаси ҳафтада уруш бошланишидан олдин режалаштирилган НАТО ядровий кучларининг машғулотлари бўлиб ўтади. Айни пайтда Норвегия оммавий ахборот воситалари Россия Кольск ярим оролидаги ҳаво базасига ядро қуролларини олиб юришга қодир стратегик бомбардимончи самолётларни жойлаштиргани ҳақида хабар берди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!